Ёзги трансферлар ойнаси айрим клублар учун жуда ҳам муҳим кечади. Шундай жамоалардан бири "Манчестер Юнайтед"дир. Жамоа ярим ҳимоя ва ҳужумга янги ўйинчилар сотиб олиш орқали, кейинги мавсумда ЕЧЛда ғалаба қозониш имкониятини ошириши мумкин.
Эрик тен Хаг яқиндагина "МЮ" билан ўзининг Англиядаги илк совринини қўлга киритган эди. Бу мутахассис учун ёзги трансферлар ойнаси, шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади.
Англия лига кубогидаги ғалаба, "МЮ" учун келажакдаги илҳом манбайи бўлиб хизмат қилади. Бу жамоа ҳали ҳам Англия кубоги ва Европа лигасида титуллар учун курашни давом эттирмоқда. Аммо кейинги мавсумдан "қизил иблислар"нинг асосий мақсади Чемпионлар лигаси бош соврини бўлади. Ушбу нишонга эришиш учун ёзда янги трансферлар қилиш лозим. Айниқса, ҳужум чизиғи учун. Январда ижарага олинган Ваут Вегхорст жамоа учун вақтинчалик ечим сифатида рол ўйнайди. "МЮ"нинг асл мақсади эса Харри Кейин ёки Виктор Осимхендир. Аммо ушбу номлар катта нархга эга. Хусусан Осимхен учун "Наполи" 107 миллион фунт талаб қилмоқда. Аниқроғи, нигерияликка шунча товон пули белгиланган. Нима бўлган тақдирда ҳам, ҳар икки ҳужумчи голлар уришни кафолатлай олади. Масалан, Кейн ҳисобида бу мавсум давомида 20 та гол мавжуд. Осимхен эса 21 та голга эгалик қилмоқда.
"Манчестер Юнайтед"нинг кучайтиришни кўзлаётган яна бир нуқтаси бу ярим ҳимоядир. Бу учун "Вест Хэм" футболчиси Деклан Райс варианти мавжуд. Аммо "болғачилар" сардори ҳам арзов-гаров футболчи эмас. "Вест Хэм" Райсни 100 миллиондан камига сотмаслигини билдирган. Қолаверса, 24 ёшли ярим ҳимоячи хизматларига "Арсенал" ҳам даъво қилмоқда. Шунга қарамай, "МЮ"да бошқа вариантлар ҳам бор. Масалан, Жуд Беллингем ва Френки Де Йонг. Ҳар икки вакил ўз жамоаларида муҳим ўрин тутади. Агарда "МЮ" жорий мавсумни муваффақиятли якунлай олса, уларни сотиб олиш жараёни осонроқ кечади.
Ўнг қанот ҳимояси, Эрик тен Хаг кучайтиришни истаётган яна бир нуқтадир. Бунга Диегу Далот ва Уан-Биссаканинг ўйинлари қониқарли эмаслиги сабаб бўлмоқда. Шу сабаб "МЮ" ёзда нидерландиялик жуфтлик Дензель Дюмфрис ва Жереми Фримпонгни сотиб олишга уриниб кўради.
ИСМАТОВ Ж.