Суперлига 1-тури доирасида бугун «Олимпик» сафарда «Пахтакор»ни 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида олимпиячилар бош мураббийи Тимур Кападзе қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.
— Авваламбор, янги мавсум бошлангани билан барчани табриклайман! Ўйлайманки, мавсум ҳар тарафлама яхши ўтади. «Пахтакор»га қараганда яхшироқ ўйин намойиш этдик ва ҳақли ғалабага эришдик. Уч очко билан йигитларимизни табриклайман. Бу бизга келгуси ўйинларда куч бағишлайди.
— «Пахтакор» учун устунликни сақлаб қолиш қийин бўлди, айниқса, 2-бўлимда...
— «Пахтакор» кучли жамоа. Албатта, қаердадир хато қилдик ва улгурмаган вазиятларимиз бўлди. Бизда ҳам, рақибда ҳам қулай имкониятлар юзага келди. Шунга қарамасдан, охиригача бардош бера олдик ва ғалаба қозондик.
— Биринчи бўлим якунлангач, Мирсаидов ва Турғунбоевга нима дедингиз?
— Майдон ичидаги нарса майдон ташқарисига чиқмаслиги керак. Бир-биридан хафа бўлмаслиги учун уларни яраштириб қўйдим.
— «Олимпик» кўпинча узоқ масофадан гол ўтказиб юборади. Бу муаммо қачон ҳал бўлади деб ўйлайсиз?
— Йигитлар ҳали ёш. Бу бўйича иш олиб бориляпти. Албатта, бундай ҳолатлар учраб туради. Стандартга келсак, ўйинларда учраб турадиган ҳолат саналади. Иккинчи гол содир бўлган вазиятни эса қайта кўриб чиқамиз ва дарвозабонлар мураббийининг фикрини ҳам тинглаймиз.
— Раҳбарият жамоага алоҳида мақсад қўйганми?
— Биз ҳар доим юқори мақсадларни кўзлаймиз. Шунга яраша иш олиб борамиз, якунда натижа қандай бўлишини вақт кўрсатади.
— Жасур Жалолиддинов прессингларда унчалик қатнашмаслигини инобатга олсак, «Олимпик» унга мослашадими ёки у «Олимпик»гами?
— Жасурни ҳаммамиз яхши биламиз. У ўз ўйинини кўрсатса, жамоага фойда келтиради. У ҳам жамоага, жамоа ҳам унга мослашиши лозим. Жасур жисмоний тарафдан кучайиб боради деган умиддаман. 2-3 турдан кейин умуман бошқа Жасурни кўрамиз деб ўйлайман.
— Жалолиддиновни янги позицияда ўйнатдингизми?
— У ўз вазифасини тўлиқ бажара олди. Жасурнинг ўзига хос хислатлари бор. Биз бундан фойдаланишимиз жоиз. Жалолиддинов терма жамоанинг ҳам етакчиларидан бири саналади. У майдонда маълум вазифаларни бажарди.