Украинанинг “Шахтёр” клуби ФИФАнинг қилаётган ишларини танқид остига олди.
“Шахтёр” клуби бош директори Сергей Палкин ташкилот Украина клубларини қашшоқ ва ожиз қилиб қўймоқда деб ҳисоблайди. Аввалроқ ФИФА чет эллик футболчиларга Россия ва Украина клублари билан шартномаларни бекор қилиш ҳуқуқини берганди.
“ФИФА Украина клубларига ёрдам бериши керак. Улар эса бизни қашшоқ ва ожиз қилиб қўймоқда.
Баъзи чет эллик футболчиларни қайтаришга уриндик, бироқ натижа бўлмади. Уларга хавфсизлик формулаларини ҳам кўрсатдик. Лекин улар бунга рози бўлмади.
Албатта, ҳар бир футболчининг ортида агенти туради. Ҳозир агентларнинг хаёлида ФИФА яна бир марта рухсат берди, ундан сўнг яна рухсат беради, кейин эса мижози эркин агентга айланади, деган нарса айланмоқда. Шу тариқа агентлар футболчининг ортидан жуда кўп пулга эга бўлади.
Футболчиларга сармоя киритаётган Украина клублари эса ҳеч вақосиз қолмоқда”, — дейди Палкин.