Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

«Нефтчи» — чемпионликка даъвогар?

Баҳо:
+ | -

"Янги Фарғона" газетасининг навбатдаги 21-сонида Мўйдинжон Собитов томонидан мақола чоп этилган. Ушбу мақолани сизларга тақдим қиламиз.

Суперлиганинг 2-турида амалдаги чемпион “Пахтакор”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этган “Нефтчи” футболчиларини “Истиқлол” ўйингоҳига ташриф буюрган 17 мингдан зиёд жамоа мухлислари шундай хитоб билан олқишлашди.

Мамлакат чемпионатининг энг номдор жамоалари бўлган “Нефтчи” ва “Пахтакор”нинг ҳар бир баҳси  мухлису мутахассисларнинг эътиборида бўлади. Чунки улар ўртасидаги мамлакатимиз футболининг лидерлигига бўлган рақобат узоқ 1992 йилдаёқ бошланган. Ёши улуғ мухлислар яхши эслашса керак, ўша йили футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатига асос солинган. Олий лиганинг илк мавсуми якуний натижаларига кўра, “Пахтакор” ва “Нефтчи” 51 тадан очко тўплашади. Тўплар нисбати ва ғалабалар сони бўйича ташкентликларда яхши кўрсаткич бўлса, ўзаро ўйинлар натижасидаги устунлик вилоятимиз жамоаси томонида бўлади. Ўша пайтдаги мамлакат футбол федерацияси раҳбарияти ҳар икки жамоани чемпион, деб эълон қилади. Шу тариқа “Нефтчи” ва “Пахтакор”нинг кейинги мавсумлардаги  ҳар бир учрашуви “Ким кучли” тамойили асосида ўтгани боис, натижа ҳар икки жамоа учун муҳим аҳамият касб этиб келади.

Барчага маълумки, баъзи сабабларга кўра “Нефтчи”да омадсиз мавсумлар ҳам бўлди. Ҳатто мамлакатнинг энг номдор жамоаси Про-лигага ҳам тушиб кетди. Шукрки, вилоятимиз раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари туфайли ўзбек футболининг пешқадамларидан бўлган севимли жамоамизнинг  яна совриндорлар сафидан муносиб жой олиши учун  зарур бўлган барча чора-тадбирлар кўрилди. Жамоанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. “Истиқлол” ўйингоҳи жаҳон талаблари даражасида таъмирланди. Бош мураббийлик вазифаси муносиб мутахассисга топширилди. Натижа эса ҳаракатга яраша ижобий кўринишда бўлмоқда. Ўтган мавсумни кучли ўнликда якунлаган Виталий Левченко шогирдлари жорий йилги баҳсларни ёрқин ва ишончли ғалабали ўйинлар билан бошлашгани вилоятимиз жамоасининг шонли даври қайтаётганидан дарак бермоқда. Суперлиганинг ортда қолган 2 та туридан кейин 100 фоизлик натижа билан пешқадамлар сафида бораётган жамоамизнинг имкониятлари нафақат мухлислар, балки мутахассислар томонидан ҳам юқори баҳоланаётганлиги жуда қувонарлидир. Жумладан, ўйиндан кейинги матбуот анжуманида айни кунларда “Пахтакор”да бош мураббийлик қилаётган ўзбек футболининг ўтмишдаги ёрқин юлдузи Максим Шацких “Нефтчи”ни ҳақли ғалабага эришгани билан табриклади. Журналист Яҳёхўжа Улуғхўжаев эса бу ўйинга “Шерлар” жуда у қадар кучсиз эмас, шунчаки “Нефтчи” рақибидан бир қадам олдинда боряпти”, деб изоҳ қолдирган бўлса, шарҳловчи Бобур Акмалов: “Ҳўўўў ўша 90-йилларни эслатиб юборган ҳисоб”, деб таърифлади “Нефтчи”нинг ғалабасини. Мамлакатимиздаги энг машҳур футбол шарҳловчиларидан бири Ҳайрулла Ҳамидов ҳам “Нефтчи”нинг ғалабасига “Уҳ, “Нефтчи” пешқадам! Менга ёшлигимни қайтариб беришяпти...”, деб, ўзининг самимий муносабатини билдирган.

Ғалабанинг ғалабадан фарқи бўлади, дейди “Нефтчи”нинг кўп йиллик содиқ мухлисларидан бири Абдураҳим Оламов. Бу сафарги ғалабанинг аҳамияти шундаки, футболчиларимиз ўйин жиҳатидан ҳам “Пахтакор”дан кучли эканликларини майдонда исботлашди. Шу боис жорий йилги мавсумдан умидимиз катта.

Асосийси, мухлислар футболдан завқ олишди, менимча, деб ўйин ҳақида фикр билдирди ушбу ғалаба меъмори, “Нефтчи” бош мураббийи Виталий Левченко.Жамоамизда потенциал юқори. Бугун жисмоний жиҳатдан ҳам яхши кўриндик. Тўғри, бир қатор вазиятларни бой бердик, лекин бу– табиий ҳолат. Ахир “Пахтакор” Ўзбекистон чемпиони-ку!

Нафақат вилоятимиз, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги мухлисларни ҳаяжонда ушлаб турган “Нефтчи”-“Пахтакор” баҳси 2:1 ҳисобида ҳамюртларимизнинг ғалабаси билан тугагани “Нефтчи”нинг 2-турдаёқ амалдаги чемпиондан нақ 6 очко илгарилаб кетишини таъминлади. Футболчиларимиз кейинги ўйинни  18 март куни Жиззахда “Сўғдиёна”га қарши ўтқизишади. Умид қиламизки, Виталий Левченко шогирдлари ушбу баҳсда ҳам пешқадамга хос тарзда ҳаракат қилишиб, ғалабали онларни давом эттиришади.

"Нефтчи" ПФК матбуот хизмати

Манба: https://t.me/pfcneftchi_uz
Киритилди: 12:25, 16.03.2023.
Ўқилди: 2671 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.