Россиянинг Калининград шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этадиган Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси аъзолари тайёргарлик босқичидан ўрин олган навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини якунига етказишди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар тарқатмоқда.
Манбанинг маълум қилишича, Мавзурхўжа Умархўжаев бошчилигидаги терма жамоамиз аъзолари 3-12 сентябрь кунлари 10 кун давомида Қибрайда йиғин ўтказишди. Терма жамоамиз аъзолари жаҳон чемпионати учун тайёргарлик босқичидан ўрин олган сўнгги йиғинини 21-30 сентябр кунлари Тошкентдаги Чиғатой ўқув-машғулот базасида олиб боришади.
Эслатиб ўтиш жоиз, шу йилнинг июль ойида Ўзбекистон апмутантлар терма жамоаси 6-15 октябрь кунлари Россиянинг Калининград шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги жаҳон чемпионатига таклифонма олганди.
Қайд этиш керак, Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси сўнгги икки жаҳон чемпионатида чемпионликни қўлга киритган. 2007 йил Туркия мезбонлик қилган мусобақада Ўзбекистонга тенг келадигани топилмаган. Ҳар икки йилда бир марта ўтиши лозим бўлган жаҳон чемпионатига 2009 йили Бразилия мезбонлик қилиши керак эди. Бироқ, Рио-де-Жанейродаги нотинч вазият туфайли мусобақа 2010 йили Аргенинада бўлиб ўтди ва унда ҳам ўзбекистонлик спортчилар муваффақият қозонишди.
Терма жамоамиз аъзолари 3 октябрь куни жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Калининград шаҳрига учиб кетишади.