Сўнгги хабарларга кўра, "Арсенал" юлдузи Букайо Сака янги битимга имзо чекади. Агар шундай бўлса, 21 ёшли вингер ҳафтасига 300 минг фунт ишлаб топишни бошлайди. Таъкидлаш жоизки, Сака "Арсенал"нинг жорий мавсумдаги чемпионлик курашида муҳим фигура бўлиб турибди. Клуб академиясидан чиққан бу футболчи, 2022-23 йилги АПЛ баҳсларида гол борасида ҳам, ассист борасида ҳам 10 лик довондан ошган ягона вакилдир. Шунга қарамай, Сака ҳали ҳам жамоаси билан янги шартнома имзоламади. Унинг ҳозирги битими 2020 йилда янгиланганди. Ўшанда Сака АПЛда фақат битта гол урган, Англия термаси сафида эса ҳали дебют қилмаганди. Вақт ўтиши билан, Сака юксалди. Футболчи айни дамда Микель Артета ва Гарет Саутгейт жамоаларида ўта керакли бўлиб улгурган.
Букайо Сака Евро саралаш баҳсларида порлмоқда. Унинг Украина терма жамоасига қарши кўрсатган феноменал ўйини ҳақида Пол Мерсон шундай дейди: "Сака кучсиз жамоаларга қарши хет-трик қилмайди. У 7-0 ҳисобида охирги голни ҳам урмайди. "Арсенал"да унинг вазифаси бошқачароқ. Сака биринчи, ҳисоб тенглаштирувчи ёки ғалаба голини киритади. У ўта керакли лаҳзаларда қулай узатмаларни амалга оширишни яхши кўради. Айтишим мумкинки, Сака – муҳим пайтлар футболчиси. Бундай турдаги ўйинчиларни топиш анча мураккаб иш. Ҳа, майдонда истаганча ажойиботлар қила оладиган футболчилар кўп. Аммо ҳал қилувчи паллаларда бу ишни бажариш кўпчиликнинг қўлидан келмайди. Сака эса айнан шундай қилади. Ҳатто, у бу ишни ҳар ҳафта ҳам бажара олади".
Англия терма жамоаси юлдузининг амалдаги битими 2024 йилда якунига етишига қарамай, "Арсенал" раҳбарияти уни жамоада олиб қолишга ишонмоқда. Аммо бунда бир муаммо бор. Амалдаги битимга кўра, Сака, нисбатан кам маош олади. Унинг ҳаққи таркибдаги Эдди Нкетиа ва Киран Тирниларникидан ҳам камроқ. У АПЛнинг энг яхши маош тўланадиган 100 та ўйинчиси рўйхатига ҳам кирмайди. Аммо бу тез орада ўзгаради. Сака янги шартномага қўл қўяди. Бу эса футболчининг ҳозирги, ҳафталик 70 минг фунт маошини кескин оширади. Унга ҳафтасига 300 минг фунт маош таклиф қилинади. Бу ҳажм Сакани "Арсенал"нинг энг яхши ҳақ тўланадиган футболчисига айлантиради. Аслини олганда, бу сумма, Англия бўйлаб ҳам энг яхшиларидан биридир. Масалан, 2021 йилда "Манчестер Сити" сотиб олган Жек Грилиш ҳам ҳафтасига 300 минг олади.
Шунга қарамай, уч юз мингдан кўп ишлайдиган юлдузлар ҳам бор. Улар АПЛда 8 тани ташкил этади. Демак, қуйида "Capalogy" портали томонидан тақдим этилган рўйхатни кўришингиз мумкин.
1. Кевин Де Брюйне – 400 минг/ҳафта
2. Эрлинг Холанд – 375 минг/ҳафта
3. Давид Де Хеа – 375 минг/ҳафта
4. Каземиро – 350 минг / ҳафта
5. Муҳаммад Салоҳ – 350 минг/ҳафта
6. Жейдон Санчо – 350 минг/фунт
7. Рафаэль Варан – 340 минг/ҳафта.
8. Рахим Стерлинг – 325 минг/ҳафта
ИСМАТОВ Ж.