Австралиянинг Theworldgame.sbs.com.au сайти ёзишича, "Бунёдкор" клуби бош мураббийи Миржалол Қосимов бугун бўлиб ўтган матбуот анжуманида жамоага Девид Карни керак эмаслиги ва истаса эркин агент сифатида бошқа жамоага қўшилиши мумкинлигини айтиб ўтган.
Қосимовнинг фикрича, Девид Карни ўзидан кутилган, легионерларга хос бўлган ўйинни намойиш қила олмади.
"Биз Карнини жамоага қўшиб олганимизда, у бизга Чемпионлар лигаси ва миллий чемпионат ўйинларида ёрдам беради, деб умид қилгандик. Аммо у ўйнайдиган позицияда маҳаллий футболчилар яхшироқ ўйнашмоқда. У легионер футболчи. Шунинг учун маҳаллий футболчилардан яхши ўйнаши шарт. Лекин у кўрсатган ўйинлар яхши бўлмади. Шу сабабга кўра, Девид Тошкентда қолди", дейди М.Қосимов.
"Карни терма жамоада яхши ўйнайди, аммо бизнинг сафимизда бунақа эмас. У клуб сафида ҳам шундай ўнаши лозим. Девид ҳамон бизнинг футболчи ҳисобланади, аммо у ўзига бошқа жамоа топадиган бўлса, бемалол ўтиб кетиши мумкин".
Эслатиб ўтамиз, "Аделаида Юнайтед" ва "Бунёдкор" жамоалари ўртасидаги ОЧЛ чорак финал дастлабки ўйини эртага Тошкент вақти билан соат 14:30да бошланади.