Барчага маълумки, Олий лига 19-турининг энг кутилмаган учрашуви Олмалиқда бўлиб ўтди. Ушбу баҳсда Игор Шквирин шогирдлари пешқадамни мағлуб этишди. Бу эса миллий чемпионатимиздаги интригани оширди. Ушбу учрашув қаҳрамони Зафар Полвоновни суҳбатга чорладик. Табиатан самимий ушбу футболчи берган саволларимизга жавоб бериб ўтди.
- Зафар, авваламбор, сизни "Бунёдкор" билан баҳсда дубл қайд этиб, учрашув қаҳрамони бўлганингиз билан табриклайман!
- Раҳмат!
- Пешқадамга урган голларингиз чемпионат интригасининг ошишига, қайсидир маънода, сабаб бўла олади! "Олмалиқ" - "Бунёдкор" учрашувидаги таассуротларингиз?
- Маълумки, "Бунёдкор" жиддий рақиб ҳисобланади. Шунинг учун ўйинга жиддий тайёргарлик кўргандик. Мураббийимиз бундай масулиятли учрашувга жамоани қандай тайёрлашни биларди. Кўпроқ ҳужумкор руҳда тўп суришимизни кўрсатма берди. Учрашувда ғалаба қозонишимизни кутмагандик. Дуранг учун ҳаракат қилгандик. Шу куни бизга омад кулиб боқди ва якунда ғалаба қозондик!
- Жамоангизнинг яна бир голини ҳакам ҳисобга олмади?
- Ушбу ҳолатда ҳимоячимиз қўполлик ишлатдими ёки йўқми, очиғи мен кўрмай қолдим. Ҳакамнинг ҳуштагини эшитдим, холос!
- Мураббийингиз Игор Шквирин ўз вақтида кучли футболчи бўлган. Сиз олий лиганинг бошқа жамоаларида ҳам тўп тепгансиз. Шквириннинг бошқа мураббийлардан ажралиб турадиган ўзига хос хислатлари ҳам борми?
- Шквирин - умуман бошқача табиатли инсон. Мураббийлик соҳасида ҳам у ҳаммадан ажралиб туради. Кўпроқ футболчилар билан самимий суҳбатлашишни ёқтиради. Ҳужумчилар билан алоҳида шуғулланади. Баъзан, оддий ҳолатларда ҳам гол уролмасак, жаҳл қилмасдан, бундай вазиятда қандай ҳаракат қилиш кераклигини батафсил тушунтиради. Кўпроқ тўп билан шуғулланишни ўргатади. Мен шундай мураббийдан футбол сир-асрорларини ўрганаётганимдан хурсандман.
- Терма жамоамизда асосий муаммо голеадор ҳужумчиларнинг камлиги! Ҳужумчи сифатида айтингчи, ҳозирги жамоаларнинг ҳимоя чизиғи кучайиб кетяптими ёки ҳужумчиларимизга нимадир етишмаяптими?
- Терма жамоамиз ҳужумчилари ҳақида гапирадиган бўлсам, менимча, ҳаммаси жойида! Масалан, Гейнрихни оладиган бўлсак, у ҳозир формада. Бемалол ўйнаб бера олади. Бақоев Қозоғистон чемпионатида мазмунли ўйин намойиш этмоқда. Шунчаки, ҳужумчиларимизга омад етишмаяпти. Худо ҳоҳласа, яхши бўлиб кетишига ишонаман. Қатар билан ўйинда ҳужумчиларимизга омад тилайман!
- "Насаф" - "Шўртан" учрашувини бевосита стадиондан кузатдингиз. Муҳлислар "Шўртан" "Насаф"га нисбатан мазмунли ўйин кўрсатди, дейишмоқда. Сиз ўз вақтида иккала жамоа таркибида ҳам тўп тепгансиз. Холисона айтингчи, ўйиндаги ҳисоб адолатли бўлдими? Умуман ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бу ўйинда ҳар иккала жамоага ҳам очко зарур эди. "Насаф" кўпроқ ҳужумкор ўйин намойиш қилди, "Шўртан" тўпни назорат қилишга интилди. Дуранг бўлади деб ўйлагандим. Лекин "Насаф" ғалаба қозонди. Ўйин ҳаққоний бўлди.
- Терма жамоамиз ЖЧ-2014 га чиқиш имкониятлари ҳақида нима дея оласиз?
- Терма жамоамизда ҳали имконият бор. Кейинги турда ғалаба сув ва ҳаводек зарур! Яна бир бор терма жамоамизга омад тилайман!
- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат! Келгусидаги ишларингизга омад!
Олим Толипов суҳбатлашди.