Аделаидадан Малайзияга парвоз қилиш арафасида Жасур Ҳасановга мурожаат этиб, унинг фикрлари билан қизиқдик. Супер голи билан жуда қийин вазиятда қолган жамоани ўз кучига ишонтира олган Ҳасанов саволларимизга лаббай деб жавоб қайтарди.
- Бу ўйин хотирамда бир умр муҳрланиб қоладиган бўлди, - деб гап бошлади Ҳасанов. “Аделаида Юнайтед”га қарши 2008 йили ҳам ўйнаганман. Ўшанда Австралиядан жудаям тушкун кайфиятда қайтгандик. Тошкентда ўтган жавоб учрашувида ғалаба қозонган бўлсак-да, икки ўйин натижасига кўра австралияликлар финал йўлланмасини қўлга киритишган эди. Учрашув бошларида жамоадошларим билан бир-биримизни яхши тушуна олмадик. Бундан эса рақиб унумли фойдаланиб қолди. Вақт ўтган сари ташаббусни ўз қўлимизга олишга эришдик. Иккинчи бўлим фақатгина бир дарвоза олдида ўтди. Албатта, Найжел Бугард ишлаб олган қизил карточка бизга ёрдам берди.
- Стандарт вазиятидан киритган супер голингиз жуда чиройли чиқди.
- Жарима зарбасини тепиш учун тўп олдида мен, Лутфулла Тўраев ва Виктор Карпенко тургандик. Режага кўра, зарбани Тўраев бажариши керак эди. Бироқ, Лутфулла менга ишонди. Тепган тўпим шундоққина тўққизликка бориб тушди. Голим бу қадар чиройли чиққанидан ва қайд этилган дурангдан хурандман. Рақиб майдонигача жуда узоқ бўлган йўлни босиб ўтдик ва олдимизга қўйилган ютқазмаслик вазифасини ортиғи билан бажардик.
- Жавоб учрашувида “Бунёдкор”дан қандай ўйин кутиш мумкин?
- “Бунёдкор” ярим финалга йўл олиши учун қўлимиздан келган барча чораларни кўришга тайёрмиз. Футбол мухлисларини 3 октябрь куни бизни қўллаб-қувватлаб туриш учун “Жар” стадионига таклиф этаман.