АПЛнинг энг кўп моашга эга футболчилари "Манчестер Сити", "МЮ", "Ливерпуль" ҳамда "Челси" вакилларидан иборат. Гарчанд турнир жадвалини бошқараётган бўлсада, "Арсенал"нинг бирорта футболчиси кучли ўн бирликка кирмайди. Қуйида улардан тузилган рамзий терма жамоа эътиборингизга ҳавола этилади.
Дарвозабон: Давид Де Хеа (375 минг)
32 ёшли футболчи 11 йилдан бери бир жамоа шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Де Хеа "МЮ" билан 2019 йилда сўнгги бор шартномани янгилаган эди. Бу эса уни Европадаги энг яхши маошга эга дарвозабонга айлантирди. Вақтида у маош борасида АПЛда ҳам тенгсиз бӯлган. Ҳафтасига 375 минг фунт маош оладиган дарвозабон, Англияда иккинчи ўринни эгаллайди. Де Хеа ёзда эркин агентга айланади.
Ўнг қанот ҳимоя: Рис Жеймс (250 минг)
Рўйхатдаги ягона академия аъзоси Жеймс саналади. У "Челси"да АПЛ ва дунёдаги энг яхши футболчилардан бирига айланди. Жеймс Уокер, Александер-Арнольд, Бен Уайт ва Киран Триппьерлардан кўп маошга эга. 23 ёшли ҳимоячига ҳафтасига 250 минг фунт тўланади.
Чап қанот ҳимоя: Бен Чилвелл (190 минг)
Аслида бу томонда Жоау Канселу бўлиши керак эди. Аммо у ҳозир "Бавария"да ўйнамоқда. Шу сабабдан иккинчи ўриндаги Чилвеллни эътироф этишга мажбурмиз. У ҳар ҳафта 190 минг фунт маош олиб ишлайди. Унинг амалдаги битими 2020 йилда имзолаганган эди.
Марказий ҳимоячи: Рафаэль Варан (340 минг)
"Манчестер Юнайтед"нинг АПЛда бошқа жамоалардан ажратиб турадиган бир жихати бор. У ҳам бўлса "қизил иблислар" таркибидаги футболчиларга кўп маош тўлашидир. Варан шундай футболчилардан бири. У 2021 йилда "Реал"дан сотиб олинган эди. Француз футболчиси "МЮ" 2025 йилга қадар битим тузган. Унга кўра, Варан ҳар ҳафта 340 минг фунт олиши белгиланган.
Марказий ҳимоячи: Калиду Кулибали (295 минг)
Рюдигер ва Кристенсенни йўқотгач, ҳимоячи сотиб олиш зарурати туғилади. Шу сабабдан Тодд Боэли "Наполи"га юзланди. 31 ёшли Кулибали ўтган ёзда 33 миллион фунтга харид қилиниб, у билан ҳафталик, 295 минг фунтни кўзда тутувчи 4 йиллик шартнома тузилади.
Ярим ҳимоячи: Каземиро (300 минг)
Варан каби, Каземиро ҳам "Реал"да нималарга қодир эканини исботлаганди. 30 ёшли ярим ҳимоячи ўтган ёзда "МЮ"га келди. Эрик тен Хаг жамоаси у билан янада кучаяди. Айни дамда усиз жамоа анча қийналиб қолиши маълум бўлиб улгурган. Бразилиялик футболчи ўз хизматлари учун Манчестерда 300 минг фунт маош олмоқда.
Ярим ҳимоячи: Тиаго Алкантара (200 минг)
Бу ўринда Канте, Фернандеш ва Родри каби номзодлар бор эди. Аммо Тиаго энг яхшиси сифатида танланди. У "Ливерпул"да 200 минг фунт маош олмоқда ва бу борада Англияда 26 ўринда туради.
Ҳужумкор й/ҳ: Кевин Де Брюйне (400 минг)
Де Брюйне АПЛда энг яхши ҳақ тўланадиган футболчига айланди. Бунга асосий сабаб Криштиану Роналдунинг лигадан кетгани эди. Бельгиялик Англияда сўнгги 5 та йилнинг 4 тасини чемпионлик билан тугатган эди. Кевин Пеп Гвардиола қўл-остида энг кўп майдонга тушган футболчидир. 31 ёшли жамоа сардори 2025 йилга қадар "шаҳарликлар" сафида бўлади.
Ўнг қанот ҳужум: Муҳаммад Салоҳ (350 минг)
30 ёшли ҳужумчи Англияда энг яхши ҳақ тўланадиган олтинчи футболчидир. Салоҳ беш йиллик АПЛдаги фаолиятида жами 150 та гол уришга эришган. Унинг ҳисобида жорий мавсум 23 та гол ва 11 та ассист бор. Шундай экан, у ишлаб топаётган пулига лойиқ футболчидир.
Чап қанот ҳужум: Жейдон Санчо (350 минг)
Англиядаги ишлар Санчо учун яхши кетмаяпти. 22 ёшли ҳужумчи 2021 йилда жамоага келган эди. Аммо "МЮ" ундан етарли даражада фойдалана олгани йўқ. Шунга қарамай, футболчи ҳар ҳафта 350 минг фунт маош олмоқда. Санчонинг хариди манкунианликлар учун 73 миллион фунтга тушган эди. Эрик тен Хаг эса унга тўлиқ ишонч билдирмади.
Ҳужумчи: Эрлинг Холанд (375 минг)
51 миллион фунт дунёнинг айни пайтдаги энг кучли ҳужумчиси учун ўта арзон нархдир. Аммо унинг ўзи арзон-гаровга келмади. Холанд "Манчестер Сити" сафида ҳафтасига 375 минг фунт маош билан таъминланган. Айтиш керакки, норвегиялик футболчи АПЛдаги энг яхши маошга эга тўққизинчи рақам эгасидир. Салоҳ сингари, у ҳам ўз пулини оқламоқда.
ИСМАТОВ Ж.