2022 йилда Қатарда бўладиган навбатдаги жаҳон чемпионатининг қишда ёки ёзда бўлиши борасидаги ҳалигача ҳал килинмаган муаммо яна кўтарилди. УЕФА президенти Мишел Платини ҳафта бошида Қатарнинг пойтахти Доҳа ва бошқа шаҳарларида ёзда бўладиган 50 даража иссиғда футбол ўйнашдан кўра, уни қиш мавсумига кўчиришни маъқуллигини таъкидлаб ўтди:
«Умид қиламанки, мундиал қишда ўтказилади ва мен бунга ҳали ҳам ҳаракат қиляпман. Агар шундай бўлса, футбол мухлисларига ҳам яхши бўлган бўларди», дея Платининг сўзларидан Inside World Football иқтибос келтиради.
Франциялик мутахассис мундиални айнан январь ойида бўлишини маъқулламади:
«Мундиални январь ойида ўтказишнинг иложи йўқ, чунки бу пайтда қишки Олимпиада ўйинлари ўтказилаётган бўлади. Шунинг учун ноябрь-декабрь варианти қулайроқ. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, агар шундай бўлса биз ўша пайтда Европадаги ўйинларни тўхтатиб туришимизга тўғри келади. Бу муаммони мавсумни июнь ойигача узайтириб, ҳал қилишимиз мумкин. Бу менга муаммо бўлмайди».
Доҳадаги мундиал ташкилотчилари эса Inside World Football га берган қуйидагича маълумот бердилар:
«2012 йилда бўладиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиш тендерида қандай режалар таклиф қилган бўлсак, ҳаммаси ўз жойида қолади. Биз ҳозирда ана шу режаларни амалга оширмоқдамиз. Агар халқаро футбол жамияти ўзаро келишиб бирор алтернатив вариант таклиф қилмаса, Қатар-2022 ёзда, режа бўйича бўлиб ўтади».