Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Дилшод Нуралиевнинг таъкидлашича, саралаш босқичидаги Ҳиндистонга қарши ўйинда қайд этилган йирик ҳисоб финал босқичидаги ўйинга ўзининг салбий таъсирини кўрсатди.
23 сентябрь куни Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Эронда бўлиб ўтаётган 2012 йилги ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида илк учрашувини ўтказди. Ҳиндистон ўсмирларига қарши ўйинда Дилшод Нуралиев шогирдлари 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишди.
«Биз Осиё чемпионатига саралаш босқичида ҳам Ҳиндистон терма жамоасига қарши майдонга тушиб, 9:0 ҳисобида ғалаба қозонгандик. Мен бугунги ўйин олдидан айнан шундан хавотир олгандим: шогирдларим аввалги ўйиндаги йирик муваффақият ҳақида ўйлаб, бугунги ўйинга руҳий жиҳатдан тўғри тайёрлана олишмади», - деди Нуралиев.
«Ҳиндистон терма жамоаси бугун яхши ўйин кўрсатди. Улар саралашдаги мағлубиятдан сўнг бизга қарши руҳий жиҳатдан яхши тайёрланганликлари сабаб бугун яхши ўйин кўрсатишди. Яна қайтараман, шогирдларимнинг кўплаб вазиятларга эга бўла туриб, улардан фойдалана олмасликларига руҳий жиҳатдан нормал тайёргарлик кўра олмаганлари сабаб бўлди», - деди Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси.
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси мусобақадаги навбатдаги учрашувни 25 сентябрь куни Хитойга қарши ўйин ўтказади. «Роҳи Оҳан» стадионида бўлиб ўтадиган ўйин Тошкент вақти билан 20:30да бошланади.
«Хитой терма жамоаси мусобақанинг энг кучли жамоаларидан бири деб биламан. Уларда кучли ҳимоя, ярим ҳимоя ва ҳужумчилардан ташкил топган яхши жамоа бор. Биз Хитойга қарши ўйинга бугунги ўйиндаги хатолардан тўғри хулосаларни чиқариб тайёргарлик кўрамиз. «Хитой» деган сўзнинг ўзи шогирдларимнинг ўйинга керакли даражада руҳий тайёрланишларига етарли бўлишига ишончим комил», - дея қўшимча қилди Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Дилшод Нуралиев.