"Челси" ўтган тунда ЕЧЛдаги иштирокини якунлаган эди. Лондонликлар амалдаги чемпион бўлмиш "Реал"га қарши икки ўйинда бирорт гол ура олмади ва тўртта гол ўтказиб юборди. Марк Кукурелья ва Н'Голо Канте каби футболчилар ўз жамоасига умид бериши мумкин эди. Аммо якунда бари пучга чиқди. Келаётган ёз, натижа томонлама чуқур инқирозга тушиб қолган жамоа учун марказий ҳужумчи қидириш мавсум бўлади. Тодд Боэли 600 миллион фунт пул сарфлаб, бирорта тузукроқ марказий ҳужумчи сотиб олмади. Бу эса клубга қимматга тушмоқда. Обамеянг ва Броя каби ҳужумчилар бор. Аммо улар мавсум давомида 4 та гол уришга эришди холос. Лукаку эса ижарада юрибди. "Атлетико"дан ижарага олинган Жоау Феликс марказий ҳужумга ярамайди. Шундай ҳолатда топ-ҳужумчи талаб этилади. Қуйида "Челси"ни янги мавсумда яна катта саҳналарга қайтариши мумкин бўлган ҳужумчилар вариантини кўриб чиқамиз.
Харри Кейн – "Тоттенхэм"
Ёзда 29 ёшли ҳужумчи ўз жамоасини тарк этишга жуда яқин турибди. Антонио Конте "шпорлар" билан соврин юта олмади. Шу сабабдан Кейн учун бошқа жамоа керак. У клубда 273 та, терма жамоада эса 55 та голга муаллифлик қилган. Шундай экан, у бемалол "Челси"даги муаммоларга ечим топа олади. Кейн 2024 йилда эркин агентга айланишини ҳисобга олсак, уни сотиш "Тоттенхэм" учун ҳам яхши ечим. Сотувдан келадиган пулга эса янги мавсум учун янги футболчилар харид қилиш мумкин.
Виктор Осимхен – "Наполи"
24 ёшли нигериялик ҳужумчи мавсумнинг энг ёрқин номларидан бири бўлиб турибди. У ҳозирга қадар 26 та голга муаллифлик қилишга улгурди. Осимхеннинг жамоаси эса 1990 йилдан бери илк чемпионликни қўлга киритишга яқин. Футболчининг ўзи ҳам АПЛда ўйнаш истагини яширмайди. Унинг қаҳрамони эса "Челси" афсонаси Дидье Дрогбадир. Тўғри, уни сотиб олиш осон бўлмайди. Аввало, у учун даъвогарлар кўп бўлади. Иккинчидан эса катта маблағ сарфлашга тўғри келади.
Айван Тоуни – "Брентфорд"
Тауни бу мавсум давомида илк бор Англия терма жамоасига жалб этилган эди. 27 ёшли ҳужумчи "Брентфорд" сафида уч йил ичида 66 та гол уришга эришган. Бу мавсумда эса ҳужумчининг ҳисобида 19 та гол бор. Тауни жисмоний ва техник жиҳатдан етук футболчи. Шу сабабли у "Челси"даги ҳужумчи ролига бемалол мос келади. Шунингдек, Тоунини бошқа номларга қараганда, осон сотиб олса бўлади.
Маркус Тюрам – "Айнтрахт"
Франция терма жамоасининг афсоналаридан бири бўлган Лилиан Тюрамнинг ўғли ўз даражасини намойиш этмоқда. У мавсум давомида 16 та гол уришга эришган. Тюрам марказий ҳужумдан ташқари қанотларда ҳам яхши ҳаракат қилади. Футболчи ўз терма жамоасининг ажралмас қисмига айланганди. 25 ёшли ҳужумчининг яхши томони, у ёзда эркин агентга айланади ва у учун пул сарфлаш шарт эмас. Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Негаки, Тюрамга "МЮ", "Тоттенхэм", "Ньюкасл" каби бошқа маҳаллий рақиблар ҳам даъвогар бўлиб турибди. Гарчанд, "Челси" футболчи учун кейинги мавсумда еврокубок мусобақаларини таклиф эта олмасада, катта маош билан ўзига оғдира олади.
Рандаль Коло-Муани – "Айнтрахт"
Бу мавсумда кўзга ташланган яна бир юлдуз. Коло-Муани 20 та гол билан немис клуби сафида ўзини намоён қилганди. Тюрам каби 24 ёшли футболчи ҳам Дидье Дешам томонидан терма жамоага доимий жалб этилади. Бу футболчига эришиш осон бўлмайди. Негаки, унга даъвогарлар ичида "Бавария" ва "МЮ" ҳам бор.
Олли Уоткинс – "Астон Вилла"
Собиқ "Брентфорд" ҳужумчиси янги йилдан бери энг яхши перформерлардан бири бўлиб келмоқда. У АПЛнинг ўзида 14 та голга муаллифлик қилиб турибди. Марказий ҳужумда Уоткинс ўз жамоасига кўпроқ фойда бера бошлади. Шу сабабли, Унаи Эмери жамоаси ҳозир еврокубоклар учун кураш олиб бормоқда. Уоткинсда "Челси"га зарур бўлган ҳамма нарса бор. 27 ёшли ҳужумчи, тезлик, техника ва жой танлашда устаси фарангдир.
Фоларин Балогун – "Арсенал"
Футболда шундай ишлар ҳам содир бўлиб туради. "Арсенал" академияси аъзосига "Челси"дек жамоа муҳтож бўлишини ҳеч ким ўйламаган бўлса керак. Бироқ, ҳозирги вазият айнан шундай. Балогун Франция чемпионатида 18 та гол уришга эришди. У бу борада Мбаппе ва Месси билан беллашмоқда. Шунга қарамай, у "Арсенал"га қайтганида асосий таркибга кириш масаласи муаммога айланади. Негаки, Балогунга Микель Артетанинг жамоасида ҳозирча жой мавжуд эмас. Шу билан бирга 21 ёшли ҳужумчи ортиқ ижарада юришни истамайди. Масалани ҳал қилишни битта йўли бор. У ҳам бўлса, Балогунни сотишдир. "Челси" яхши таклиф билан ёш ҳужумчини ўзиники қилиб олиши мумкин. Қолаверса, Балогун АҚШ терма жамоаси шарафини ҳам ҳимоя қила олади. Бу эса америкалик Тодд Боэлига айни муддаодир.
ИСМАТОВ Ж.