Ҳозирда «Челси» таркибида ажойиб ўйин намойиш қилаётган белгиялик футболчи Эден Азар Лондоннинг бошқа бир клуби «Тоттенҳем»га ҳам ўтиб кетишга жуда яқин келган эди. Бундай бўлмаганига «тақачилар»нинг ЕЧЛ йўлланмасини қўлга кирита олмагани сабаб бўлди дейиш мумкин.
40 млн. Еврога «аристократлар» сафига келиб қўшилган ушбу футболчига лондонликлардан ташқари Манчестернинг икки гигант клуби ҳам қизиқиш билдирганди. Белгиялик футболчи goal.com га берган интервьюсида «Тоттенҳем»га ўтмагани ҳақида тўхталиб ўтди.
«Менинг «Тоттенҳем»га ўтишга қизиққаним ҳақиқат, чунки улар Премьер-лигада 3-ўрин билан ажойиб ўйин намойиш қилаётгандилар. Бахтга қарши, мавсум охирида улар ўз ўйинларини йўқотиб қўйдилар ва ЕЧЛ йўлланмасидан қуруқ қолдилар. «Челси» раҳбарияти эса менга шерик қилиб Марко Марин ҳамда Оскарни олиб келишларин айтишди. Бу жамоа Премьер-лигада яхши ўйин кўрсатмади, лекин ЕЧЛ ғолибига айланди. Ўз-ўзидан бу ерга келишим табиий танлов бўлди. «Челси» мени келишимни хоҳлаганди. Бу мен учун тўғри танлов бўлганлигига ҳозир ишончим комил».