Қозоғистон футбол федерациясининг "Тобол" - "Тараз" ўйинини қайтадан ўтказиш ҳақидаги қарорига норозилик сифатида "Тараз" клуби мусобақадан чиқиб кетмоқчи.
"Шубҳасиз, биз бу ишни қиламиз, - дейди Жамбул вилояти ҳокими, вилоят футбол федерацияси президенти Ғани Садибеков. - Нима дейишга ҳам ҳайронман. Футбол федерацияси ўз қарори билан нафақат бизни, балки Қозоғистон футбол оммасининг хафсаласини пир қилди. Агар Федерация ўзининг тушунарсиз қарорини бекор қилмайдиган бўлса, биз нафақат такрорий ўйиндан бош тортамиз, балки мавсумнинг қолган қисмида ҳам иштирок этмаймиз".
Ғани Садибековнинг сўзларига кўра, жамоа бу қарорга бирданига келмаган.
"Биз ҳаммасини ўйлаб кўриб, аниқ қарорга келдик. Биз жамоа аъзолари, мутахассислар билан маслаҳатлашдик. Барча ҳақиқат биз томонда эканини айтмоқда. Агар Федерация коррупцияга қарши курашмоқчи бўлса, бундан клублар жабр чекмаслиги лозим. "Тараз"ни рақобатбардош жамоага айлантириш учун улкан ишлаш амалга оширилди. Шунча қилинган ишларга гўёки ҳакамнинг порахўрлиги туфайли битта қалам билан чизиқ тортиб юбориш — бу аҳмоқлик. Биз бошқа йўлни кўрмаяпмиз".
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Премьер-лигасининг 23-тури доирасида бўлиб ўтган "Тобол" - "Тараз" (0:1) баҳсида ҳакам атайлаб мезбонларга ён босган деб топилди ва Федерация ушбу ўйин натижасини бекор қилиб, ўйинни қайта ўтказиш ҳақида қарор чиқарди.