Янги мавсум олдидан "Челси"ни бошқариш учун Почеттино номи фаворитга айланган эди. Юлиен Нагельсман вакансияни рад этгач, аргентиналик мутахассис учталик рўйхатни бошқара бошлади. Почеттинодан ташқари "Бёрнли" устози Венсен Компани ҳамда "Селтик" менежери Ангелос Постекоглу ҳам эҳтимолий рўйхатда келтирилган. Шунингдек, "Барселона" ва Испания терма жамоасининг собиқ устози Луис Энрике вариантини "Челси" раҳбарияти эсдан чиқаргани йўқ. Аммо ҳаммасидан ҳам Почеттино, клуб учун маъқул ном сифатида кўринмоқда.
Агарда Почеттино "Челси"га келса, у ҳолда жамоа яна ҳужумкор услубга қайтади. Бу шуни англатадики, "аристократлар" Антонио Конте давридан бери амалда бўлиб келган 3-4-3 тактик схемасидан воз кечиши керак. Унинг ўрнига Почеттино асосан ёшларга урғу берадиган 4-2-3-1 схемасини танлаши мумкин. Ушбу тактикада футболчилар қуйидагича жойлашади.
Кепа Аррисабалага дарвозани қўриқлайди. Ҳимоя қанотларида Рис Жеймс ва Бен Чилвелл ҳаракат қилади. Улар мос равишда ўнг ва чап томондан жой олади. Ҳозирги Тиагу Силва ва Калиду Кулибали жуфтлиги марказий ҳимояда ёшроқ бўлган Весли Фофана ва Бенуа Бадиашилега жой бўшатиб беради. Шундай қилиб, тўртталик ҳимоя қўрғонида 25 ёшдан ошмаган футболчилар жойлашади.
Н'Голо Канте узоқ муддатлик жароҳатдан кейин сафга қайтган эди. Ундан Почеттино фойдаланиши кутилмоқда. У марказда Энцо Фернандес билан жуфтлик ҳосил қилган ҳолда таянч зонасини тўлдиради. Аргентиналик мутахассис ўз юртдоши билан биргаликда қанот ҳужумига ҳам ёшларни танлайди. Хусусан, ўнг қанотда Нони Мадуэке ҳаракат қилса, унинг қарама-қарши томонида 88 миллион фунтга харид қилинган Михаил Мудрик пайдо бўлади. Ёзда яна бир ҳужумкор ва ёш футболчи сотиб олиш режа қилинган. Агарда "Лейпциг"дан Кристофер Нкунку трансфери амалга оширилса, Почеттино дарҳол уни ҳам асосий таркибга киритади. Француз футболчиси марказий ҳужумчи ортидан жой олади. Ҳужумда айни дамда "Челси" ихтиёрида иккита вариант мавжуд.
"Челси" ихтиёридаги иккита марказий ҳужумчида ҳам муаммолар бор. Ромелу Лукаку ортиқ Лондон клубида ҳаракат қилишни истамаслигини билдирган бўлса, Пьер-Эмерик Обамеянг ўзидан кутилган натижаларни бермади. Шу сабабли "Челси" яна ҳужумчи сотиб олишга мажбур. Почеттино учун "Наполи"дан Виктор Осимхен олиб келинади. Шунингдек, "Тоттенхэм" ҳужумчиси Харри Кейн ҳам вариантлар ичида мавжуд. Почеттино ва Кейн узоқ йиллар бирга ишлаган эди. Агарда Кейн варианти қўлланса, схема 4-3-3 кўринишига келади. У ҳолда Мейсон Маунт Нкунку ўрнида пайдо бўлади. Нкункунинг ӯзи қанотга, Мадуэке ӯрнига жойлашади. Шундай қилиб, "Челси" мутлақо янги кўринишга келади. Фақат бу учун вақт талаб этилади. Почеттинога эса имкон бериш керак холос.
ИСМАТОВ Ж.