Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Дилшод Нуралиев шогирдлари Жанубий Кореяга қарши чорак финал ўйинида ўз ўйинини кўрсата олганини таъкидлади.
30 сентябрь куни Эронда ўтказилаётган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида чорак финал ўйинлари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Жанубий Кореяга қарши майдонга чиқиб, асосий вақтда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади, пенальтилар сериясида эса 5:3 ҳисобида ғалаба қозонди.
«Аввало, табриклар учун миннатдорлик билдираман. Биз Жанубий Кореяга қарши ўйин қийин бўлишини олдиндан билардик, лекин биз унга ўзимизнинг «кутилмаган совғамиз»ни тайёрлаб қўйгандик, айнан ўша «сюрпризимиз» бугун гол урди. Жанубий Кореяни асосий ўйин вақтида мағлуб этамиз, деб ўйлагандим. Нима бўлган тақдирда ҳам Жанубий Корея Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири, биз уни жуда ҳам ҳурмат қиламиз. Бугун бизга Аллоҳнинг ўзи ёрдам берди», - деди Дилшод Нуралиев.
«Ҳа, биз чорак финалга катта қийинчилик ва омад билан чиқдик. Бироқ гуруҳ босқичида менинг шогирдларим ёмон кўрсатишди, деб айта олмайман. Гуруҳдаги ўйинларда ҳам кўплаб имкониятларга эга бўлгандик, бироқ улардан фойдалана олмаганимиз учун муваффақиятсизликка учрагандик. Бугун, Жанубий Кореяга қарши ўйинда эса имкониятлардан фойдалана олдик», - деди Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи.
«Ярим финалда кимга қарши ўйнашнинг фарқи йўқ, Австралия бўладими, Эрон бўладими, биз рақиб танлаб ўтирамаймиз. Ҳар бир рақибга қарши алоҳида тайёргарлик кўрамиз, учрашувдан учрашувдан ўйинимизни ривожлантириб боришга интиламиз. Келаси ўйинда бугунгидан ҳам яхшироқ ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз», - деди Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Дилшод Нуралиев.