Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Дилшод Нуралиев: «Шогирдларимга миннатдорлик билдиришни хоҳлайман»

Баҳо:
+1 | -

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Дилшод Нуралиев Осиё чемпионати финалида кимга қарши тўп суришнинг аҳамияти йўқлигини таъкидлаб ўтди.

3 октябрь куни Эронда давом этаётган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати ярим финалида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси майдон эгалари – Эрон терма жамоасига қарши баҳс олиб борди. Ўйин ўзбекистонлик футболчиларнинг 3:2 ҳисобидаги иродали ғалабаси билан якунига етди. Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси кетма-кет иккинчи марта Осиё чемпионати финал ўйини йўлланмасини қўлга киритди.

«Бугун биз мусобақа давомидаги энг қийин ўйинларимиздан бирини ўтказдик. Биз Эрон терма жамоаси жуда кучли эканлигидан, айниқса, ўйинчилари жисмоний жиҳатдан яхши тайёргарликка эгалигидан, мен жуда ҳам яхши биладиган ва ҳурмат қиладиган мутахассис – Али Дўстмеҳр қўл остида жанговар жамоа борлигидан хабардор эдик. Биз Озарбойжондаги халқаро мусобақада Эронга қарши тўп сурганмиз. Бугун бизга, қайсидир маънода, бироз бўлса-да омад ҳам кулиб боқди. Бугунги ўйин учун, сўнгги дақиқаларга қадар майдонда бор кучи билан ҳаракат қилгани учун шогирдларимга раҳмат айтишни хоҳлардим. Мен улардан жуда ҳам миннатдорман», - деди Нуралиев.

Ўсмирлар ўртасидаги аввалги икки Осиё чемпионатини Ўзбекистон пойтахти – Тошкент қабул қилганди. 2012 йилги мусобақада Алексей Евстафеев қўл остидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси мусобақа финалига қадар етиб бориб, ҳал қилувчи ўйинда Шимолий Корея терма жамоасига 0:2 ҳисобида имкониятни бой берганди. 2008 йилги мусобақанинг гуруҳ босқичида эса Роберт Гай шогирдлари охир-оқибат мусобақа чемпионига айланган Эрон терма жамоасига 1:2 ҳисобида аламли тарзда мағлуб бўлишганди.

«Ҳозирги мусобақанинг аввалгилари билан таққослаб бўлмайди, уларнинг ҳар бири ўзича алоҳида. Мен бугун Эрон устидан қозонилган ғалабани тўрт йил аввал Тошкентда, айнан шундай мусобақа доирасидаги мағлубият учун реванш деб ҳисобламайман. Шунингдек, икки йил аввалги мусобақа финалидаги мағлубият ҳақида ҳам ҳеч нарса дея олмайман, чунки, яна қайтараман – буларнинг бари бошқа-бошқа мусобақалардир», - деди Ўзбекистон ўсмирлари устози.

2012 йилги ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати финал учрашуви 6 октябрь, шанба куни «Пас» стадионида бўлиб ўтади. Унда Япония ёки Ироқ терма жамоаларидан бири Дилшод Нуралиев шогирдларига рақиблик қилади.

«Финалга Япония йўл олдими, Ироқми, фарқи йўқ; финалда кучсиз жамоа ўйнамайди. Япония ҳам, Ироқ жуда яхши, кучли таркибга эга бўлган жамоалардир. Ўйлашимча, иккинчи ярим финал жуфтлигидан ким финалга йўл олишидан қатъий назар, бизни олдинда жуда ҳам қизиқарли финал ўйини кутиб турибди», - дея қўшимча қилди Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Дилшод Нуралиев.

Манба: www.the-uff.com
Киритилди: 21:58, 03.10.2012.
Ўқилди: 5867 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.