Хабарингиз бор, Теҳронда ўтаётган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатини "Монако" клуби селекционери Ҳедна Мустафо кузатиб бормоқда. Мустафо 2 йил аввал Тошкентда ўтган қитъа чемпионатини ҳам кузатганди. Бунинг натижасида Аббос Махсталиев Франция клубида кўрикда бўлиб келди.
Ҳедна ноябрь ойида БААда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатини ҳам кузатмоқчи.
"Мен дунёнинг бир нечта жойларида бўлганман. Осиё чемпионати жудаям қизиқарли ва унда иштирок этадиган ўйинчилар яхши техникага эга. ОФК ташкил қилган мусобақа мақтовларга лойиқ ва барча 16 терма жамоа сафида яхши футболчилар бор. ", дейди Мустафо www.the-afc.com сайтига.
Франциянинг 7 карра чемпиони бўлган "Монако" Тьерри Анри, Фабьен Бартез, Патрис Эвра, Людовик Жюли, Эммануль Пети, Лилиан Тюрам ва Давид Трезеге каби футболчиларга кўтарилиш учун имконият бергани билан машҳур. Шунингдек, кореялик Парк Чу Йонг ҳам ушбу жамоа сафидан Европа даражасидаги футболчига айланган.
"Мен ҳозирча 8 нафар футболчининг номини ўзимга қайд қилиб қўйдим. Улардан икки нафарини Францияга таклиф қиламиз. Улар Европа футболига қўшилиш имконига эга бўлишади. Авваллари Африка ёшлари европалик скаутларда катта қизиқиш уйғотишарди. Ишончим комил, тез орада уларнинг эътибори Осиёга қаратилади".