Қатарлик йирик сармоядорлардан бири бўлган Шайх Яссим "Манчестер Юнайтед"ни сотиб олиш учун ҳал қилувчи таклиф билан чиқди. Гарчанд Сер Жим Рэтклиффнинг "Ineos" корпорацияси клубни сотиб олишда етакчи номзод бўлса ҳам, қатарликлар курашда осонликча таслим бўлишни истамаяпти. Буюк Британиядан харидор сифатида ягона вакил бўлган Жим Рэтклифф берган лойиҳада, "Ineos" клуб акцияларининг катта қисмини сотиб олади. Амалдаги эга, Глейзерлар хонадони эса акциянинг бир қисмини ўз ҳисобини олиб қолади. Аммо бу ҳолат "МЮ" мухлислари томонидан салбий равишда қабул қилиниши айтилган.
Шайх Яссим бин Хамад Ал-Тани жаноблари "қизил иблислар"ни таг-туги билан сотиб олишни истайди. Шу мақсадда у ўз таклифига айрим бўлимларни илова қилди. Шайх клубни 100 фоизлик нисбатда сотиб олиб қолмасдан, уни барча қарзлардан қутқаради. Моддий-техник базани янгилайди. Афсуски, бу ерда масаланинг бошқа тарафи ҳам бор. Шайх таклиф этаётган сумма Р этклиффникига қараганда камроқдир. Яъни, Ал-Тани жаноблари узоғи билан "Манчестер Юнайтед"га 5 миллиард фунт сарфлай олади холос. Сер Жим эса 6 миллиард тўлаш истагини билдирган. Аммо қатарлик бой "МЮ"ни тӯла-тӯкис сотиб олади.
Клуб ичидаги инсайдерларнинг таъкидлашича, Шайхнинг таклифи дастлабкисига қараганда анча яхшиланган. Аммо Глейзерлар белгилаган нархдан анча пастда турибди.
Агарда қатарликлар ғалаба қозониб, клубни сотиб олса, Неймар "ПСЖ"дан олиб келинади. Шайх Яссимнинг сўнгги таклифи клуб директори Аврам Глейзер билан муҳокама қилинган. Америкаликни одамлар қатарликлар меҳмонхонасидан чиқиб кетаётганда кўришган. "Mirror" нашрида чоп этилган расмда Глейзерлар вакили Қатарнинг "Claridge" меҳмонхонасини тарк этаётгани тасвирланади. Ушбу меҳмонхона Maybourne Hotel Group таркибига киради. Бу компанияга эса Шайх Яссимнинг отаси Ҳамад бин Яссим бин Жобир Ал-Тани бошчилик қилади.
Беш ойдан бери "МЮ" савдоси борасида бир қарорга келинмаяпти. Ҳозиргача ҳар икки томон ўз талифларини уч марта билдириб кўрди. Гарчанд клуб сотувга қўйилган бўлса ҳам, ҳали ҳам бу борадаги бизнес давом этаётгандай кўринади.
Талабгорларни яна бир бор эслатиб ўтамиз.
Бир томонда британиялик бизнесмен, "Ineos" нефт-кимё бирлашмаси раиси Сер Жим Рэтклифф, иккинчисида эса қатарлик йирик банкир Шайх Яссим бин Ҳамад Ат-Тани турибди. Глейзерлар шу иккиси ичидан бирини танлаши керак. Савдо-сотиқ масаласида АҚШнинг "Raine Group" компанияси ишламоқда. Якуний қарор бир неча кун ичида эълон қилинади.
ИСМАТОВ Ж.