Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 25 ёшли ҳимоячиси Виталий Денисовнинг ўз клуби билан амалдаги шартномаси ушбу қишда якунланади ва футболчи эркин агент сифатида Англия, Германия ёки Россия чемпионатига кўчиб ўтиши мумкин.
"Днепр" ҳимоячиси Виталий Денисовнинг агенти Олег Артёмовнинг "Чемпионат.com" сайтига маълумот беришича, Виталийга Англия Премьер-лигасининг 3та клуби қизиқиш билдираётган экан. "Денисов Англияда ўйнаш ҳуқуқига эга. Боиси, у сўнгги бир неча йилда Ўзбекистон терма жамоасининг 90 фоиз ўйинларида майдонга тушган", дейди футболчининг агенти. "Шунингдек, Виталийга Германиянинг бир ва Россия чемпионатининг 2 клуби даъвогарлик қилмоқда. Сўнгги 5 йил давомида шарафини ҳимоя қилган "Днепр" клуби таклиф қилаётган шартнома эса футболчини қаноатлантирмаяпти".
Аввалроқ, Виталий Денисовга Англиянинг "Фулхэм" клуби қизиқиш билдиргани ҳақида хабар бериб ўтгандик.