Ҳужумчи Роберто Фирмино 7 йилдан сўнг "Ливерпул"ни тарк этди.
Бразилиялик футболчи аллақачон "Энфильд"даги сўнгги ўйинини ўтказди ва ҳаттоки унда "Астон Вилла" дарвозасига гол урди.
Sky хабарига кўра, мавсумнинг сўнгги уй ўйини якунлангач, Фирмино совғалар тарқатган. Уларни клуб футболчилари ва ходимлари ҳамда бразилиялик таклиф этган меҳмонлар қабул қилиб олди.
Ҳаммаси бўлиб Роберто 200 та совға тўпламини тайёрлади, улар орасида ўз дастхати туширилган футболкалар ва махсус атирлар мавжуд.
31 ёшли Фирмино энди янги клуб излаш устида ишламоқда. Тўғри, "Ливерпуль" бу мавсумда яна битта ўйин ўтказиши керак - сафарда "Саутгемптон"га қарши.