Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ватару Эндо: «Яқин мақсад – Осиё кубогида ғалаба қозониш»

Баҳо:
+ | -

2019 йили «Штутгарт» сафига қўшилган япониялик ярим ҳимоячи Ватару Эндо қисқа вақт ичида Бундеслига клубининг ажралмас қисмига айланди.

Эндо майдонда беғубор қиёфасини ўзгартирмасдан мудом фаол ҳаракатланиши билан кўпчилик эътиборини ўзига тортди. Хусусан, тиним билмас японнинг кетма-кет икки мавсум давомида Германия чемпионатида яккама-якка дуэлларнинг аксар қисмида устун келаётгани кенг даражада эътироф этилди. Япония миллий жамоаси юлдузининг ушбу саъй-ҳаракати бесамар кетмади - унга «Штутгарт» сардорлик боғичини ишониб топширишди. «Кунчиқар юрт» футболининг бугунги энг илғор вакилларидан бири ҳисобланган 30 ёшли ярим ҳимоячи яқинда ФИФА расмий сайти журналистларининг интервью ҳақидаги илтимосларини рад этмади. Мухбирлар шу тариқа ундан ўйини сифатини қандай яхшилагани ҳақида сўрашди, футболчининг Қатар мундиалига боғлиқ таассуротлари билан қизиқишди. Эндо шунингдек, яқин келажак учун ўз олдига қўйган мақсади юзасидан берилган саволга ҳам жавоб қайтарди.

- Ватару, «Штутгарт»га ўтганингиздан буён ўйиннинг қайси элементи бўйича яққол ўсишга эришдингиз?

- Ўйлайманки, Бундеслигадаги тажриба ва рақобат ортидан ўйиним умумий ҳолда ривожланди, ҳар бир жиҳат маълум даражада яхшиланди. Шубҳасиз, нисбатан кескин кураш ва тезкор футболга асосланган лигада ўйнаш мендан умумий кўникмалар, айниқса, техник-жисмоний тайёргарлик, майдонда тезкор қарор чиқариш каби хусусиятларни яққол ривожлантиришни талаб қилди. Лекин шахсий фикримча, Германиядаги қисқа фаолиятим давомида аввало, таянч ярим ҳимоячи ролидаги хусусиятларим сезиларли даражада яхшиланди. Шунингдек, яккакурашларда устун келиш масаласида ҳам олдинга қадам ташладим. Эҳтимол, энг катта ўзгариш айнан таянч зонасидаги ҳаракат кўлами ва яккама-якка дуэлларга боғлиқдир. Умуман, менда ўйиннинг ҳар бир элементи яхшиланганини ҳис қиляпман. Шунинг баробарида ҳали мукаммаллаштириладиган жиҳатлар ҳам етарли, албатта.

- Бундеслигада барқарор ўйинингиз билан назарга тушдингиз. Тезликни ҳамиша бир маромда ушлаб туришингиз сирини айта оласизми?

- Барқарорликда қандайдир алоҳида сир йўқ, менимча. Фақат шуни айтишим мумкинки, ҳафтада бир марта мураббий билан якка тартибда онлайн-режимда қўшимча маш­ғулотлар ўтказаман. Ушбу дарс майдонда жароҳатлардан қандай қочиш муммкинлигига қаратилган. Оддий айтганда, қўшимча машғулотлар воситасида жисмоний тайёргарлик даражасини назорат қилиш ва ўйин вақти танамдан тўғри фойдаланишни ўрганяпман. Муҳими, бунинг фойдаси сезиляпти.

- Охирги 2та ЖЧда Япония миллий жамоаси таркибидан жой олдингиз. Айтингчи, жаҳон чемпионати сиз учун моҳиятан нимани англатади?

- Табиийки, болалигимдан катта футболчи бўлишни орзу қилганман. Ўша вақтдаёқ ўзим учун якдил хулоса чиқаргандим - жаҳон чемпионатида ўйнаш профессионал даражага кўтарилганингни англатади. Оддий ифода этганда, мундиалга энг юқори босқич сифатида қараганман ва шуни кўзлаганман. Афсуски, 2018 йили Россияда ўтказилган жаҳон форумида етарли ўйин вақтига эга бўлмадим. Шунга қарамай, ҳаракатни сусайтирмадим ва Қатар мундиалида ўзим хоҳлаган даражада тўп сурдим. Чунки бу вақтга келиб, кучли босимга қандай қарши туришни ўргандим. Футболчи минг иқтидорли бўлмасин, агар майдонда босимни енголмаса, ўзини асло кўрсатолмайди. Буниси руҳий тайёргарлик даражасига боғлиқ, албатта. Ўйлайманки, ҳозир руҳий мувозанатни қандай ушлаш масаласида аниқ тушунчага эгаман. Дейлик, Қатарда шунинг эвазига босимни сезмадим, аксинча, болалигимдан орзу қилган саҳнада ўзимни эркин тутдим, эмоционал ҳолатим юқори бўлди.

- «Самурайлар» ЖЧ-2022да чакки таассурот қолдиришмади ва тарихда тўртинчи марта 1/8 финал бос­қичини забт этишди. Иккинчи томондан чорак финалга қадам ташлаш яна орзулигича қолди. Сизнингча, Япония миллий жамоасига ўз ҳаётида энг юқори бос­қичга кўтарилиши учун нима керак?

- Ўйлайманки, аввало, 1/8 финал тўсиғига ёпишиб олмаслик керак. Чунки бу жамоа зиммасига ортиқча босим юклайди. Бироқ жаҳон чемпионати старти яқинлашган сари Япония оммавий ахборот воситаларида айнан шу масала бўрттирилади, мухлислар ҳам ҳамиша 1/8 финал довони ҳақида бонг уришади. Шахсий фикримча эса, жамоа олдига муайян раунддан ўтиш вазифасини қўйишнинг фойдасидан зарари кўпроқ. Терма жамоанинг аксарият футболчилари бу борадаги хулосамга қўшилсалар керак. Қисқаси, бундай мақсадни қўйиш мантиқан тўғри эмас. Футболда ҳаммаси табиий равишда ривожлангани маъқул. Саволингизга келсак, япониялик футболчилар Европанинг кучли чемпионатларига кўпроқ интилишлари керак. Бу ўйиннинг техник ва стратегик элементларини ривожлантириш учун муҳим. Демоқчиманки, Япония миллий жамоаси янада кучайишини истасак, футболчиларимиз АПЛ каби дунёнинг энг етук лигалари ва ЕЧЛдек катта турнирларда тажриба оширишлари керак. Ҳозирги ҳолатда эса, терма жамоамиз жаҳоннинг топ-лигаларида, энг кучли клублар бошланғич таркибида мунтазам ўйнайдиган ижрочилар гуруҳига муҳтож.

- Яқин келажак учун асосий мақсадингиз нима, буни ошкор эта оласизми?

- Аввало, жорий мавсум «Штутгарт»нинг Бундеслигадан қуйи дивизионга тушиб кетмаслигига имкон доирасида ёрдам беришим керак. Терма жамоага келсак, ҳозирдан кейинги жаҳон чемпио­натига тайёргарлик бошлаш талаб этилади. Катта савол шуки, саралаш турнири бошланишига қадар ниманинг эвазига ўйинни янада жадаллаштириш мумкин? Тўғри, унгача кейинги йил бошида бўладиган Осиё чемпионати бор. Демак, миллий жамоага боғлиқ энг яқин мақсад январь ойида бошланадиган турнирга қаратилган - Осиё кубогида чемпионликка эришиш! Агар шу вазифа уддасидан чиқсак, 2026 йилги мундиал саралаши олдидан жамоада умумий кайфият кўтарилади ва бу бизни улкан мақсад сари дадил одимлашга ундайди.

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 22:40, 24.05.2023.
Ўқилди: 1173 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.