Суперкомпьютер "МЮ"нинг бу ёздаги харидлари ҳақида ўз тахминларини берди. Унга кўра, "қизил иблислар" тўққизта футболчини трансфер қилиши мумкин. Клуб ўтган мавсумни Эрик тен Хаг билан муваффақиятли якунлаган эди. Манкунианликлар ЕЧЛга йўл олди, 3 июнь куни эса жамоа иккинчи титулини қўлга киритиши мумкин. Бунинг учун "Манчестер Сити" мағлуб этилиши лозим. "Манчестер Юнайтед"ни олдинда қизғин ёз кутмоқда. Таркибга марказий ҳужумчи зарур бўлиб турибди. "МЮ" Криштиану Роналду ўрнини тўлдира олмаганди. Шунингдек, тен Хагга ярим ҳимоя учун юқори даражага эга юлдузлар зарур. Қуйида сунъий онг томонидан тахмин қилинган футболчилар рўйхати тақдим этилади.
Харри Кейн
Англия ва "Тоттенхэм" сардори бу ёздаги "МЮ"нинг асосий нишони саналади. Клубга тўпурар зарур. Шу сабабдан Кейн хариди амалга ошиши кутилмоқда. Аммо бу иш осон бўлмайди. Негаки, "Тоттенхэм" раиси Даниэль Леви билан келишиш қийин масала. У Кейнни камида 100 миллион фунтга сотади.
Мейсон Маунт
"Челси" ярим ҳимоячисининг "Стемфорд Бриж"дан кетади деган миш-миш анчадан бери мавжуд. Клуб ва футболчи янги шартнома борасида келиша олмагани айтилади. Эрик тен Хагнинг шахсан ўзи Англия терма жамоаси аъзосига қизиқиш билдирмоқда. У учун камида 55 миллион фунт талаб қилинади.
Деклан Райс
"Вест Хэм" сардори ўз шартномасининг тугашига бир йил қолганида жамоадан кетиши кутилмоқда. 24 ёшли ярим ҳимоячининг "Арсенал"га ўтиши билан боғлиқ хабарлар мавжуд. У, шунингдек, "Бавария" учун ҳам устувор мақсад саналади. Райс айни дамда 90 миллион фунт атрофида баҳоланмоқда. "МЮ" эса уни ўз томонига оғдириши зарур.
Алексис Макаллистер
Жаҳон чемпионатида зафар қучган футболчи, ёзда ўз клубини алмаштириши аён бўлди. У "Брайтон"га ЕЛга чиқиш учун катта ёрдам берган эди. Макаллистер учун "Ливерпуль" ва "МЮ" бирдек рақобат қилади.
Жуд Беллингем
19 ёшли талант ёзги трансферлар ойнасида энг катта эътиборга молик футболчига айланиши кутилмоқда. Аммо унинг кўчиши, катта эҳтимол билан АПЛга бўлмайди. Беллингем "Реал"га ўтишга яқин турибди. "МЮ" эса бу курашда анча қийналади.
Френки Де Йонг
"Манчестер Юнайтед" нидерландиялик футболчини ўтган ёзда ҳам таъқиб қилганди. Аммо "Барселона" Де Йонгни сотмаган. Ҳозир ҳам бу борадаги вазият ўзгаргани йўқ. Де Йонг Ла-лигада бахтли ва Хави жамоасида муҳим фигура бўлиб турибди. Шу сабабли 25 ёшли юлдузни Каталониядан олиб келиш ўта мураккаб кечади.
Юри Тилеманс
Бельгия терма жамоаси аъзоси Чемпионшипга йўл олган "Лестер"ни эркин агент сифатида тарк этади. У ўтган йили "Арсенал"га ўтишга ҳаракат қилганди. Тилеманс учун "Манчестер Юнайтед" ҳозир жиддий даъвогарга айланди. У учун "Ньюкасл", "Ливерпуль" ва "Астон Вилла" ҳам курашиб кўради.
Николо Барелла
Ярим ҳимоячи "Интер"нинг Италия кубогига эришиши ва ЕЧЛ финалига чиқишида муҳим рол ўйнаган эди. Итальян футболчисига "Ливерпуль" қизиқиш билдирган. Аммо "МЮ" Бареллани ўз томонига оғдиришга ҳаракат қилади.
Дензел Дюмфрис
Нидерландия терма жамоаси аъзоси ўтган ёзда "Челси"га ўтиши ҳам мумкин эди. Аммо трансфер муваффақиятсизликка учради. 27 ёшли футболчи "Интер" учун муҳим экани сабабли "МЮ" Дензелни сотиб олишга анча қийналади.
Суперкомпьютернинг тахминлари юқоридагилардан иборат.
ИСМАТОВ Ж.