12 октябрь куни Тошкентдаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида футзал бўйича Ўзбекистон чемпионати 1-босқичи 1-туридан ўрин олган сўнгги учрашувлар бўлиб ўтди.
Тўртинчи кун баҳслари олдидан мусобақа жадвалида қўшҳокимлик ўрнатилганига гувоҳ бўлиш мумкин эди. Мамлакатнинг амалдаги чемпиони – «Ардус» клуби, шунингдек, Чирчиқнинг «Максам-Чирчиқ» жамоалари дастлабки уч кун давомида рақибларини мағлуб этиб, йўқотишларсиз боришмоқда эди. 12 октябрь куни эса тақвим бўйича ушбу икки жамоа ўзаро майдонга тушди ва бунда «Максам-Чирчиқ» ўзининг илк мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди.
1-турнинг марказий учрашуви чирчиқлик ўйинчиларнинг фаол ҳаракатлари билан бошланди. Жамоа биринчи ҳужумидаёқ «Ардус» дарвозасини ишғол этиши мумкин эди, бироқ Илҳом Юсупжоновнинг зарбаси дарвоза устунига тегиб қайтди. «Ардус» шу заҳотиёқ ҳужум билан жавоб беришга интилди, бироқ тўпни эгаллаб олган «Максам-Чирчиқ» тезкор қарши ҳужумга ўтиб, ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Ўзбекистон футзал терма жамоаси аъзоси Хуршид Тожибоев жамоадошидан қулай тўп узатишни қабул қилиб олиб, бир тегиниш билан тўпни «Ардус» дарвозасига тўғрилаб қўйди.
Гол ўтказиб юборганидан сўнг «Ардус» хавфли ҳужум ташкил этди, бироқ сўнгги лаҳзада Андрей Шлёма жамоадошининг тўп узатишига ета олмай қолди.
Учрашувнинг 4-дақиқасига келиб Николай Кравченко дарвозасига иккинчи гол урилди. Бу сафар ҳам «Ардус» дарвозабонини чирчиқликлар сафида тўп сурувчи Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси – Умид Холматов хафа қилди. Умуман олганда, ҳар иккала жамоа таркибида терма жамоа сафида тўп сураётган ёки авваллари жалб этилган ўйинчилар кўп эди. Шунинг учун ҳам, ҳеч бир шубҳасиз, майдонда юқори савияли икки жамоа баҳс олиб борди, дейиш мумкин.
«Максам-Чирчиқ»нинг иккинчи голидан сўнг «Ардус» вақтида ўзига келиб, аста-секин ўйин суръатини тенглаштирди. Ўйининг 5-дақиқасида Жамолиддин Шарипов томонидан урилган гол эса пойтахт жамоаси учун айни муддао бўлди. Шундай қилиб, Шариповнинг индивидуал маҳорати эвазига «Ардус» тезда ҳисобдаги фарқни қисқартиришга муваффақ бўлди.
Умуман, 1-бўлимни Ўзбекистон футзал терма жамоаси аъзоси ҳисобланган Шариповга бағишланди, деб айтиш ҳам мумкин. Жамолиддин ўзининг биринчи голидан 2 дақиқа ўтиб, аввалига ҳисобни тенглаштирди, 10-дақиқада эса «Ардус»ни ҳисобда олдинга олиб чиқишга муваффақ бўлди. Шундай қилиб, 1-бўлим якунланишига 10 дақиқа қолган бир вақтда жамоалар ўзаро бешта гол уриб бўлишганди.
3:2 ҳисоби биринчи бўлим охиригача сақланиб турди, бироқ ҳисоб у ёки бу жамоа томонидан бир неча бор ўзгартирилиши ҳам мумкин эди. Қайд этиш жоиз, майдонда шиддатли ва муросасиз кураш кечди, шунинг учун ҳам мухлисларнинг 2-бўлимнинг умидлари катта эди. Бироқ, 1-бўлимда жуда яхши ўйин кўрсатган «Максам-Чирчиқ» иккинчи 20 дақиқаликни йўққа чиқарди.
22-дақиқада «Максам-Чирчиқ» Дилшод Раҳматовнинг кучли зарбасидан сўнг ўз дарвозасидан тўртинчи голни ўтказиб юборди. Шундан сўнг, ўйин якунигача ҳали вақт кўплигига қарамасдан, чирчиқликлар дарвозабон ўрнига бешинчи ўйинчини майдонга туширишди. Аввалига бу ҳисобни минимумгача қисқартириш имконини ҳам берди. 27-дақиқада Хуршид Тожибоев дублни расмийлаштирди ва ҳисоб 4:3 кўринишини олди. Бироқ шундан сўнг «Максам-Чирчиқ» тўхтади, «Ардус» эса майдонда хоҳлаганини қилишни бошлади.
Ҳаммаси чирчиқликларнинг 29-дақиқадаги ҳужуми якунланмай қолганидан бошланди. Рақиб дарвозаси бўш қолганидан фойдаланган Дилшод Раҳматов жамоасининг ярим майдонидан туриб «Максам» дарвозасини ишғол қилди ва ҳисоб «Ардус» фойдасига 5:3 кўринишини олди.
Ўтказиб юборилган бешинчи голдан сўнг чирчиқликлар мураббийлар штаби ўйин тактикасини ўзгартирмади ва учрашув охиригача бешта ўйинчи билан ҳаракат қилди. «Ардус» эса усталик билан ҳимояланиб, яна уч марта «Максам-Чирчиқ»нинг бўш қолган дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди. Дилшод Раҳматов, Шавкат Муҳиддинов ва ҳатто Николай Кравченко ҳам ўз ҳисобига гол ёзиб қўя олди.
Шундай қилиб, 1-турнинг марказий учрашувида «Максам-Чирчиқ» устидан 8:3 ҳисобида ғалаба қозонган «Ардус» мусобақа жадвалидаги пешқадамлигини сақлаб қолди, Чирчиқ клуби эса 4-ўринга тушиб кетди.
Ўзбекистон чемпионати I босқич 1-турнинг қолган ўйинлари тақвими
12 октябрь, жума
10:00. «Нафис» - «Турон-С» 3:14
12:00. «Бунёдкор» - «Строитель-З» 4:0
14:00. «Гулистон» - «Локомотив» 1:7
16:00. «Когон» - «Пахтакор» 2:9
18:00. «Ардус» - «Максам-Чирчиқ» 8:3
№ | Жамоа | Ўйин | Ғалаба | Дуранг | Мағлубият | Т-Н | Очко |
---|---|---|---|---|---|---|---|
1 | Ардус | 4 | 4 | 0 | 0 | 33-8 | 12 |
2 | Бунёдкор | 4 | 3 | 1 | 0 | 17-8 | 10 |
3 | Локомотив | 4 | 3 | 0 | 1 | 31-7 | 9 |
4 | Максам-Чирчиқ | 4 | 3 | 0 | 1 | 21-11 | 9 |
5 | Турон-С | 4 | 2 | 1 | 1 | 26-16 | 7 |
6 | Гулистон | 4 | 2 | 0 | 2 | 21-21 | 6 |
7 | Пахтакор | 4 | 2 | 0 | 2 | 14-15 | 6 |
8 | Когон | 4 | 0 | 0 | 4 | 5-29 | 0 |
9 | Строитель-Зарафшон | 4 | 0 | 0 | 4 | 5-29 | 0 |
10 | Нафис | 4 | 0 | 0 | 4 | 9-38 | 0 |