“CAFA Nation’s Cup” мусобақасининг 1-тури доирасида Ўзбекистон миллий жамоаси Ўмонга қарши майдонга чиқиб, йирик ҳисобда ғалаба қозонди.
Баҳснинг 7-дақиқасида вакилларимиз шундоққина жарима майдони остонасида жарима зарбасини тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Машарипов тўпни ерлаб тепди ва тўп сакраган жонли девор остидан ўтиб, тўрга бориб тушди.
Ўйиннинг 24-дақиқасида Жалолиддин яна бир чиройли гол муаллифига айланди. Машарипов ҳимоячилардан қочиб кетган ҳолда чап қанотдан Фаррух Сайфиев ҳаволатиб етказган чиройли узатмани бир уринишда дарвозага жойлаб қўйди.
Иккинчи бўлимнинг аксарият қисмида ҳисоб ўзгармади. Ўйин тугашига бир дақиқа қолганида Ҳожиакбар Алижонов учинчи голимизга муаллифлик қилди.
Аввалроқ "А" гуруҳида бўлиб ўтган Туркманистон ва Тожикистон ўртасидаги ўйинда дуранг қайд этилди (1:1). Шу боис, терма жамоамиз илк ўйиндан кейиноқ гуруҳ пешқадамига айланди. Терма жамоамиз кейиги учрашувни 14 июнь куни Туркманистонга қарши ўтказади.
CAFA Nation’s Cup
"А" гуруҳи, 1-тур. 20:30
ЎЗБЕКИСТОН - ЎМОН - 3:0
Голлар: Жалолиддин Машарипов (7, 24), Ҳожиакбар Алижонов (89)
Ўзбекистон: Ўткир Юсупов, Ҳожиакбар Алижонов, Абдулла Абдуллаев, Фаррух Сайфиев (Абдуқодир Ҳусанов, 83), Шерзод Насруллаев, Умарбек Эшмуродов, Отабек Шукуров, Жамшид Искандаров (Сардор Собирхўжаев, 60), Одил Ҳамробеков (Жасур Яхшибоев, 73), Остон Ўрунов (Аббосбек Файзуллаев, 73), Жалолиддин Машарипов (Ҳожимат Эркинов, 60).
Ўмон: Иброҳим ал-Муҳайний, Аршад ал-Алавий (Абдуллоҳ Фаваз, 46), Жума ал-Ҳабсий, Аҳмад ал-Ҳамисий, Иссам ас-Сабҳий (Маҳмуд ал-Мушаифрий, 65), Зоҳир Акбарий (Абдул Раҳмон ал-Мушаифрий, 85), Умар ал-Малкий (Муҳсин ал-Ғассоний, 46), Жамил ал-Яҳмадий, Аҳмад ал-Каабий, Салоҳ ал-Яҳёий, Ғариб ас-Саадий.
Тожикистон – Туркманистон 1:1
Голлар: 0:1 – 57 Аннаев, 1:1 – 86 Ҳамроқулов.