Қатарликлар ўйин бошидан таваккалига олдинга интилишмади, улар эҳтиёткорликни унутмаган ҳолда, тўпнинг назоратига эътибор қарата бошлашди. Одатда тўп назоратини қўлга олган жамоа қисқа паслар билан жарима майдончасига яқинлашиб келишни мақсад қилади, аммо Қатар термаси бундай қилмади. Улар майдон марказидан туриб, тўпни жарима майдончамиз ичига ва атрофига узата бошлашди. Бундан мақсад тушунарли — тўп йўқотиладиган бўлса ҳам, ўзбекистонликларнинг тезкор қарши ҳужуми олдини олиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, рақибнинг ҳимояда хато қилишига умид қилинган ва эҳтиёткор тактика.
Санжар Турсунов ўйиннинг 13-дақиқасида ҳисобни очди! Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Акмал Шораҳмедов ўнг қанотдан етказиб берилган тўпни Санжар Турсунов ерга туширмаган ҳолда дарвозага йўллади. "Алания" ярим ҳимоячиси кетма-кет 4та ўйиндан бери терма жамоа сафида гол уриб келмоқда! У Кувайт, Жанубий Корея, БАА ва мана бугун Қатар терма жамоаси дарвозасини ишғол қилди!
Ана энди Қатар таваккал қилишга мажбур эди. Терма жамоамизда эса ҳеч нарсани ўзгартириш шарт эмас. Тартибли ўйин, тўп назорати, қарши ҳужум...
Кейинги вазиятларда рақиблар бир мартадан дарвозаларга олис масофадан зарба йўллаб кўришди. Лоренснинг зарбасини Нестеров қайтарган бўлса, Турсуновнинг зарбасига аниқлик етишмади.
Ўйиннинг 21-дақиқасида Себастян Сория ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйишига сал қолди. Рақиблар жарима майдончаси атрофида Улуғбек Бақоевни чалиб йиқитишди. Жепаров жарима зарбасини тўппа-тўғри дарвозага йўллаганди. Ҳимояга ёрдамга етиб келган уругвайлик футболчи бош билан тўп йўналишини ўзгартиришда бироз қалтис ҳаракат қилди. Дарвоқе, Бақоев ўнг қанот чизиғига яқин жойда тўпни эгаллаб олиб, 3-4 нафар футболчини алдаб ўтиб, мазкур жарима зарбасини ишлаганди. Умуман, ўйин давомида футболчиларимиз нафақат тактик ва техник жиҳатдан, балки индивидуал томонлама ҳам яхшироқ ўйнай бошлашди.
Ушбу учрашув комиссари комиссарлик Саликин бин Саркавийнинг талабига кўра, бўлимлар ўртасида томоқ хўллаб олиш учун бир дақиқалик танаффус берилди.
Ушбу танаффусдан кейин ўйин темпи бироз тушди. Жамоалар яна пайт ва имкон қидира бошлашди. Тўпни назорат қилиш бўйича фоиз кўрсаткичи эса бизнинг фойдамизга ошиб борди.
Биринчи бўлим охирларида қатарликлар ўз услубларида ҳужум ташкил қилишди. Жамоа сардори чап қанотда бир футболчимиздан қочиб кетди ва қисқа пасларга асосланган ҳужумга асос солди. Якуний зарбани Талал ал-Блуший берди. Нестеров тўпни ишонч билан эгаллаб олди.
Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларнинг иккинчисида Игнатий Нестеров бизни голдан қутқариб қолди. Дарвозадан анча олис масофадан мезбонлар жарима зарбасини қўлга киритишди. Халфан Иброҳим узатиб берган тўпни Весам Ризиқ бош билан дарвозага йўллади. Тўп тўппа-тўғри дарвозанинг олис юқори бурчагига йўл олаётганида Игнатий тўпни ён томонга уриб юборишга муваффақ бўлди.
Биринчи бўлимни ғолиб сифатида тарк этиш муҳим аҳамиятга эга. Биз бу ишни Жанубий Корея билан ўйинда эплай олмагандик. Бу сафар эса Нестеров бизни голдан қутқарди.
ЖЧ-2014 саралаш баҳси. 4-босқич. 5-тур.
ҚАТАР - ЎЗБЕКИСТОН - 0:1. Биринчи бўлимдан сўнг.
Гол: Санжар Турсунов (13)
Огоҳлантиришлар: Лоренс (42) — Жасур Ҳасанов (45+2)
Қатар : 1. Қосим Бурҳон, 3. Муҳаммад Касола, 4. Лоренс, 6. Марконе Амарал, 7. Весам Ризиқ (С), 10. Халфан Иброҳим, 14. Иброҳим ал-Ғаним, 15. Талал ал-Блуший, 16. Муҳаммад Разароқ, 19. Холид Муфтаҳ, 23. Себастян Сурия
ЎЗБЕКИСТОН: 12. Игнатий Нестеров, 23. Акмал Шораҳмедов, 20. Ислом Tўхтахўжаев, 2. Анзур Исмоилов, 22. Шоҳрух Гадоев, 6.Жасур Ҳасанов, 7.Азиз Ҳайдаров, 18. Тимур Кападзе, 17. Санжар Tурсунов, 8.Сервер Жепаров (С), 10.Улуғбек Бақоев.
Бош ҳакам: Тан Хай (Хитой)