"Анжи" клуби матбуот хизмати жамоанинг ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедовнинг уйида меҳмон бўлиб, футболчининг ҳолати билан қизиқди. Ушбу видеоматериал махачқалъаликлар расмий сайтида жой олди. Меҳмонларни Одилнинг уйида Илҳом Шарипов, дўстлари ўзбекона дастурхон ва ош билан кутиб олишди.
Ош ҳақида
"Ошни ўзим пиширдим. Ош тайёрлашга умумий бир ярим соат кетади. Масаллиқ қозонга солинганидан кейин 40 дақиқада ош тайёр бўлади", дейди ўзбекистонлик футболчи.
"Бепул таом фақат Ўзбекистонда тарқатилса керак. Агар эрталаб кетаётганингизда қайсидир ресторан олдидан одамлар турган ва унга кириб-чиқаётганини кўрсангиз, сиз ҳам бемалол кириб, чой ичиб, яна ўз ишингизга кетишингиз мумкин. Ҳаммаси бепул. Дунёнинг бошқа мамлакатида бунақа одат йўқ", қўшимча қилади Илҳом Шарипов.
Жароҳати ҳақида
"Яқинда Германияга бориб, шифокор кўригида бўлиб қайтдим. У менга ўйнаш учун рухсат берди. Иншоолоҳ, тез кунларда майдонга қайтаман. Майдонни соғиндим. Биласизми, бу менинг дастлабки жиддий жароҳатим. Тўғри, ёшлигимда оёғимни синдириб олганман. Лекин буниси руҳий жиҳатдан анча оғир бўлди. Футболни соғиндим. "Пахтакор"да ўйнаган пайтимда бармоғимни синдирганимда, укол билан ўйинларда иштирок этавергандим. Лекин бу ерда укол билан ўйнашимга рухсат беришмади. Руҳий жиҳатдан тикланишимда эса барча танишларим менга ёрдам беришди".
Мактаб йиллари
"Футбол мактабида ўқиётганимда, бизда шунақа қоида бор эди - худди армиядагидек "дедовшина". Мана бу йигит (дастурхон атрофида ўтирган дўстига ишора қилиб) биздан кейин ўша мактабга кирган ва биз унга иш буюрганмиз", дейди Одил.
"Футбол мактабига ўқишга кирганимизда 2 ҳафта давомида маза қилиб юрганмиз. Бир кун менга катталар "Бор музқаймоқ олиб кел", дейишяпти. Мен уларнинг айтганини қилмаганман. Шунда мени 2-қаватга олиб чиқишган. Чиқсам, Одил ўтирибди. У менга музқаймоқ олиб келишни буюрди. Ўшанда биринчи марта Одил билан ўртамизда келишмовчилик юзага келганди. Лекин музқаймоқ олиб келганман барибир", дейди Аҳмедовнинг дўсти.
"Биз ҳам футбол мактабига янги келганимизда музқаймоқ олиб келганмиз-да. Шунинг учун ёшларга ҳам иш буюрардик", дейди Одил кулиб.
"Уйга борганимда телевидения, радио ва матбуотга интервью бериш учун таклиф қилишади. Мен бунга рози бўламан", дейди футболчи матбуот котибининг саволига жавоб бераркан.
Мухлислар ҳақида
"Ўзбекистон терма жамоаси ўйнаётганида, мухлислар "Одил, Одил, Одил!", дея ҳайқиришида. Ҳаттоки Миржалол Қосимов пайтида ҳам бундай бақиришмасди", дейди Аҳмедовнинг дўсти.
"Мухлислар ҳурмат қилишса, бу ёқимли. Мени қўллаб-қувватлаб туришса, этларим жимирлаб кетади", дейди Одил.
"Мен Одилни клубга келганидан бери биламан. Шу пайт давомида заррача ўзгармаган. Келганида қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай. Бу нима билан боғлиқ — тарбиями ёки катта инсон сифатида сиз уни босиб турасизми?", дея мурожаат қилади "Анжи" матбуот хизмати вакили Илҳом Шариповга.
"Биринчи навбатда бу тарбия. Мен уни "Пахтакор"даги пайтидан бери яхши биламан. У ҳамиша камтар бўлиб келган. Шунинг учун ҳам уни мухлислар яхши кўришади", дейди Илҳом Шарипов.
"Ўзбекистонга борганингда, Это'О, Роберто Карлоснинг футболкаларини олиб келиб беришни сўрашадими", дея мурожаат қилади футболчига матбуот котиби.
"Биласизми, биз ҳисоблаб чиқдик. Ўтган бир йил давомида тахминан 15 минг долларлик "Анжи" футболкалари, плакатлар ва вимпелларни Ўзбекистонга олиб борибмиз. Уларнинг деярли барчаси "Аҳмедов" фамилияли футболкалар эди", дейди Одил.
"Одил туғилган Наманган шаҳрида кўпчиликда "Анжи" клуби футболкаси бор. Улар Аҳмедов, Это'О, Карлос, Жирков футболкаларини кийиб юришади", дейди футболчининг дўсти.
"Баъзан машинада юрганимда ДАН ходимлари тўхтатишади. Мени кўришганидан кейин қўйиб юборишади. Баъзан пиёда ҳам юраман. Дастхатлар ҳам сўраб туришади. Бу мен учун ёқимли", дейди Одил.
"Менга футболдан ташқари театр ҳам ёқади. Тошкентда ҳафтасига 2 марта театрга бориб турардим. Шоу-бизнес соҳасида танишларим кўп. Улар мени театр ва кинога таклиф қилиб туришади. Менга кўпроқ комедия жанридаги асарлар ёқади. Театр ва кино футболчининг дам олишига ёрдам беради. Дарвоқе, мени ҳам кинога таклиф қилишганди. Рад қилганман. Ҳозирча фақат футбол ўйнаш қўлимдан келади, холос".
Дўстлар ҳақида
"Одатда, дўстлар кам бўлади. Энг яқин дўст - ота-она. Менинг яқин дсўтларим мен билан бирга истиқомат қилишяпти. "Анжи"да барча билан бир хил муносабатдаман. Иванов билан клубга баравар келганимиз учун бўлса керак, у билан кўпроқ суҳбатлашганмиз".
"Махачқалъа ва Ўзбекистон билан ўхшашлик бор. Илк маротаба Махачқалъага келганимда, худди Наманганга келгандек бўлганман. Муҳит ва иқлим бир хил эди. Фақат бизда машиналар қатнови бироз камроқ".
Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси
"Ўзбекистонда яхши футболчилар кўп. Кўпчилик мени энг яхши деб ҳисоблашади. Лекин яхши футболчилар кўп" дейди Аҳмедов камтарлик билан.
"Ўтган йили Одил Аҳмедов Осиёнинг 2 карра энг яхши футболчисини сўров якунига кўра бир қанча овозга ортда қолдирди ва мамлакатнинг энг яхши футболчиси бўлди", қўшимча қилади Илҳом Шарипов.