"Актобе" клуби мавсумни камида бронза медали билан якунлаши учун бугун ўз майдонида "Қайсар"ни мағлуб этиши шарт эди. Агар "Иртиш" Қарағандада очко йўқотадиган бўлса, Владимир Муханов шогирдларида кумуш медаль учун ҳам имконият пайдо бўларди.
Буни яхши англаган актобеликлар ўйиннинг бошидан олдинга интилишди. Ўйинда фаол ҳаракат қилган Гейнрих бир неча марта гол уриш имкониятига эга бўлиш билан биргаликда, шерикларини ҳам қулай вазиятларга чиқарди. Иккинчи бўлим бошида Гейнрих чиройли зарба билан ҳисобни очди. Ўйин тугашига 12 дақиқа қолганида "Бунёдкор"нинг собиқ футболчиси Эмиль Кенжисариев ўзи бошлаган ҳужумни охирига етказиб, жамоасининг ғалабасини мустаҳкамлади.
Ушбу ўйинда Гейнрих 90 дақиқа тўп сурди. Темур Кападзе эса асосий таркибда майдонга тушиб, 45-дақиқада ўз ўрнини Марат Бикмаевга бўшатиб берди. Марат 72-дақиқада огоҳлантириш олгани билан ўйин қайдномасига кирадиган бўлди.
Муҳим 3 очкодан кейин "Актобе"нинг очколари 50тага етди ва улар "Шахтёр" ва "Иртиш"дан кейин бронза медалларига эга бўлишди. Саша, Темур ва Маратни ушбу муваффақият билан табриклаймиз!
Қозоғистон Премьер-лигаси. 26-тур
"АКТОБЕ" - "ҚАЙСАР" - 2:0
Гол: Александр Гейнрих (48), Кенжисариев (78)
Огоҳлантириш: Марат Бикмаев (72)
Сидельников, Бадло, Примус, Смаков (к), Байер, Хайруллин, Кенжисариев, Логвиненко, Гейнрих, Кападзе (Бикмаев 45), Аймбетов