Бунёдкор”нинг “Ульсан”га қарши ўтадиган “Мунсу Кап” стадионидаги расмий машғулоти бўлиб ўтди.
Ушбу стадион 2001 йили жаҳон чемпионати арафасида очилган бўлиб, ўз бағрига 44 466 мухлисни сиғдира олади. Арена ва унинг майдони жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб беради. 2002 йилги жаҳон чемпионатининг учта ўйини айнан мана шу стадионда бўлиб ўтган. Булар гуруҳ босқичининг Уругвай – Дания, Бразилия – Туркия, ҳамда чорак финал доирасидаги Германия – АҚШ учрашувларидир.
Миржалол Қосимов бошчилигидаги машғулот жараёни ОФК регламентида кўрсатилганидек роппа-роса бир соат давом этди. Ўйинолди тайёргарликнинг дастлабки 15 дақиқаси ОАВ ходимлари учун очиқ бўлди.
“Қалдирғочлар” машғулотга жиддий эътибор қаратишди ва анчайин эхтирос билан шуғулланишди. Бундан кўриш мумкин эдики – жамоанинг кайфияти жангавор.
Дарвоқе, кундузи меҳмонхонада тактик машқлар борасида футболчиларга кўрсатмалар берилди. Рақиб иштирокидаги бир неча учрашувлар таҳлил қилиниб, унга қарши қандай чоралар қўлланилиши уқтирилди.
“Ульсан Хёндэ” – “Бунёдкор” учрашувига кириш ҳуқуқини берувчи чипталар нарҳи 8 ва 10 минг вондан (1 АҚШ доллари = 1200 вон).
Ташкилотчиларнинг фикрича бугунги учрашувни томоша қилиш учун таҳминан 8 мингга яқин мухлис келади. Йирик стадионнинг гавжум бўлмаслиги учрашувнинг иш кунига тўғри келгани билан боғлиқ.
Эслатиб ўтамиз, “Мунсу Кап” стадионида учрашув 31 октябрь куни соат 19:30 (Тошкент вақти билан 15:30)да старт олади.
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев
Ульсан, Жанубий Корея