Айрим пайтлар футбол шавфқатсиз ўйинга айланади. Негаки, баъзида катта клублар муваффақиятга эришиш йўлида ўз афсоналаридан кечиб юборган. Бундан ҳолат ҳозирги кунда ҳам такрорланиб турибди. Жамоа фахри ва юзига айланган ёки айланиши мумкин бўлган футболчилар катта таклиф сабабли ёки янги мураббий ғоялари оқибатида ўз севимли клубидан қувилган. Қуйида шундай номлардан айримларини билиб оласиз.
Анхель Ди Мария
2014 йилда Ди Мария "МЮ"га ўтади. Орадан бир қанча вақт ўтиб, аён бўладики, аргентиналик футболчи Англияга келишни истамаган. Бу нарса ҳужумчининг ўйинларида намоён бўлганди. Ўша йили ёзда Ди Мария "ПСЖ"га кетишга ҳаракат қилади. Аммо парижликлар таклиф билан чиқмайди. Катта сумма билан келган "МЮ" эса футболчини илиб кетади. Бир мавсум "қизил иблислар" сафида деярли ҳеч нарса қила олмаган Ди Марияни, 2015 йилда "ПСЖ" арзон нархга сотиб олади.
Давид Де Хеа
Де Хеанинг "МЮ"даги фаолияти 12 йиллик хизматларидан кейин аянчли якунланди. Эрик тен Хаг сабабли у жамоада қолмайдиган бўлди. Испаниялик футболчи "МЮ"да дунёнинг энг яхши дарвозабонларидан бирига айланган эди. Аммо сўнгги йиллардаги чўкиш, Де Хеани кетишга мажбур қилди. Дастлаб, "қизил иблислар" янги шартнома таклиф этадигандек кўринган эди. Де Хеа ҳам буни кутди. Афсуски, бундай бўлмади. Эркин агентга айланган футболчи кетишга мажбур бўлди.
Икер Касильяс
"Реал" 2015 йилда Давид Де Хеани сотиб олмоқчи бўлади. Аммо бу амалга ошмайди. Янги келган Карло Анчелотти эса амалдаги дарвозабон Касильясга ишонч билдирмайди. Испания терма жамоаси афсонаси анча олдин, Жозе Моуриньо даврида захирага ўрнашганди. Касильяс "Порту" билан шартнома тузади. "Реал"дан кетгач, футболчининг ота-онаси Флоринтино Перес Касильясни клубдан хайдаганини айтганди. Ўшанда, ҳатто "Барселона" афсонаси бўлган Хави ҳам Касильясга қўнғироқ қилиб, ҳамдардлик билдирганди.
Месут Ўзил
Месут бир эмас, нақ икки бор ўз клубидан мажбуран кетказилган. Биринчиси "Арсенал"да юз беради. Футболчи Хитойдаги уйғурларга нисбатан қилинаётган муносабатни танқид остига олганди. Бу эса раҳбарият ва "катта"ларга ёқмади. Оқибатда Микель Артета Ўзилни майдонга туширмай қўяди. 2021 йилда у "Фенербахче"га кетади. Дастлаб, ҳаммаси яхши кечади. Орадан бир йил ўтиб, раҳбарият билан орада жанжал чиқади ва Ўзил ўзи тарбияланган клуб эшигидан қувилади.
Луис Суарес
"Барселона" 2014 йилнинг ёзида фантастик харидни амалга оширади. Луис Суарес "Ливерпул"дан сотиб олинади. Шундан сўнг, ҳужумчи Месси ва Неймар билан даҳшатли даражага чиққанди. Афсуски, кетиш кутилмаганда рўй берди. 2020 йилда "Барселона" "Бавария" қўлида "хўрланади". 8-2 ҳисобидан сўнг, президент Жосеп Бартомеу Суаресни сотувга қўяди. У кетиш олдидан мажбуран шундай қилаётганини билдирганди. Суарес 2021 йилда "Ателтико" билан Испания чемпионлигини қўлга киритганди.
Яя Туре
Ҳаммаси оддий нарсадан бошланган эди. 2014 йилда "Манчестер Сити" футболчилари ўзларининг етакчилари бўлган Яя Турени туғилган куни билан табрикламайди. Бу эса футболчини хафа қилади. Аслида кўп нарса Гвардиолага боғлиқ эди. Туре 2010 йилда "Барса"да, айнан у томонидан сотиб юборилади. Испаниялик мутахассис "шаҳарликлар" сафига келиб, икки йил ичида яна Турени жамоадан чиқариб ташлайди. Бу эса ивуарлик ярим ҳимоячини ранжитганди.
ИСМАТОВ Ж.