Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Темур Кападзе: «Жароҳатим жиддий бўлиб, терма жамоа ўйинини ўтказиб юборишдан қўрқяпман»

Баҳо:
+ | -

"Актобе" клуби Қозоғистон Премьер-лигасининг сўнгги турида "Қайсар" устидан ғалаба қозонди ва чемпионатда бронза медалларини қўлга киритди. Ушбу ўйиннинг 45-дақиқасида Темур Кападзе жароҳат олгани боис, ўз ўрнини Марат Бикмаевга бўшатиб берди. Учрашувдан кейин "Актобе" фан-клуби сайти ўзбекистонлик ярим ҳимоячидан интервью олишга муваффақ бўлди.

— Темур, жароҳатингиз қай даражада жиддий?
— Ҳозирча бу ҳақда бирор нарса дейиш қийин. Агар мушакларим чўзилган бўлса, у ҳолда жароҳатим жиддий бўлади. Бундан жаҳлим чиқди. Ахир олдимизда Кубок баҳслари ва терма  жамоа ўйинлари турганди. Уларда иштирок эта олмасликдан қўрқяпман.

— Темур, қўлга киритилган "бронза" сиз учун қанчалик қадрли. Сиз кўп маротаба Ўзбекистон чемпиони бўлгансиз, ҳаттоки "Актобе" таркибидаги футболчилар ичида энг кўп совринларни қўлга киритган футболчи ҳисобланасиз. Бу медаль қандайдир аҳамиятга эгами ёки ўткинчи медаллардан бирими?
— Ҳар қандай совринни қўлга киритиш ёқимли. Албатта, ушбу медаль олтин бўлишини истардим. Аммо вазият шундай бўлди. Мақсад — кучли учликка кириб, Европа лигасида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиш эди. Шунинг учун бу шунчаки "бронза" эмас, шунингдек, нуфузли мусобақа иштрок этиш ҳуқуқини ҳам беради. Икки ҳисса қувончли. Насиб қилса, ушбу "бронза"ни келаси йили "олтин"га айланади.

— Шартномангиз келаси йилга ҳам режалаштирилганми?
— Ҳа. Шунинг учун келаси йили ҳам яхши иштирок этишга ишонаман. Европа лигасида ҳам ниҳоят гуруҳ босқичига чиқиб, чемпионлик учун курашишга умид қиламан.

— Темур, Ўзбекистон ва Қозоғистон чемпионатлари савиясини таққосласангиз.
— Ҳар бир чемпионатнинг ўзига яраша қийинчиликлари ва устун жиҳатлари бор. Таққослаш қийин. Бир нарсани айтишим мумкин. Бу ерда жамоалар легионерлар ҳисобига кучайишган. Ўзбекистонда эса легионерлар учун 3+1 кўринишида лимит бор. Шунда ҳам бу имкониятдан фақат гранд жамоалар фойдаланишади. Қолган жамоалардан эса бир-икки нафар легионерлар бор холос. Баъзи жамоаларда эса умуман легионерлар йўқ. Шунинг учун Ўзбекистон чемпионатида баъзи ўйинлар осонроқ кечади. Қозоғистонда эса бундай ўйинлар анча кам.

— "Бунёдкор" ва "Актобе" амбицияларга кўра таққослаш мумкинми? Ҳар иккала жамоа ҳамиша ўз олдига энг юқори мақсадларни қўяди. Сиз "Актобе"га мослашиб кета олдингизми?
— Албатта. Бу ерга келишдан олдин клуб ҳақида барча нарсани билиб олдик. Қозоғистонга кўр-кўрона келмадик. Клуб ҳақида кўп ижобий хулосалар бўлди. Ўз олдига максимал вазифалар қўядиган яхши клуб экани, жамоа ва мураббий яхши футбол тарафдори экани маълум бўлди. Мақсадим ҳам юқори савиядаги жамоада ўйнаш эди. Қозоғистон чемпионати яхши савияда. Албатта, ўзига яраша салбий томонлари ҳам бор. Лекин камчиликлар қаерда йўқ?

— Қандай камчиликлар?
— Масалан, телевидение. Кўп жойларда стадионларнинг ҳолати яхши эмас. Баъзи жойларда яхши стадионларда ўйнасак, баъзи жойларда ундай эмас. Ўйин сифати ҳам майдон ҳолатига боғлиқ. Яхши майдонларда футболчилар маза қилиб ўйнашади ва ўз маҳоратларини кўрсата олишлари мумкин.

— Темур, Ўзбекистон терма жамоаси аввалги бош мураббий Вадим Абрамов қўлостида комбинацион футбол намойиш қиларди. Демак, "Актобе" намойиш қиладиган ўйин услуби сизга бегона эмас.
— Ҳа, ўйин фалсафаси бир хил. Ҳужум пайтида тўпни назорат қилишни мураббий биздан талаб қиларди. Шунда рақиб тез чарчайди ва биз тўпни назорат қилиш орқали керакли натижага эришардик. Бу ўйин услуби "Барселона" ўйинига кўпроқ ўхшайди. Ҳозир барча ушбу ўйин услубини ўрганмоқда ва унга ўхшаб ўйнашга интилмоқда.

— Демак, сиз бу ерда "ўз" жамоангизга қўшилдингиз?
— Ҳа. Бу ўйин услубида мароқ билан ўйнайман. Шунчаки ўйин эмас, балки комбинацион, "ақлли" ўйин кўрсатамиз.

— Темур, Ўзбекистон терма жамоасининг 3 нафар аъзолари билан бирга 2 йиллик танаффуссиз ўйиндан кейин "Актобе"га келдингизлар. Қишда дам олиб, клуб билан мавсумолди йиғинида иштирок этсангизлар, ўйингиз янада яхшиланадими?
— Албатта ҳозир чарчоқ сезилмоқда. Мавсум олдидан яхши йиғинларда иштирок этишимиз — керакли нарса. Бу — фундамент. Самарали йиғин мавсум давомида яхши ўйнашингизга кафолат бўлади. Ёзги машғулотлар эса формани йўқотиб қўймасликка ёрдам беради. Ҳозир бизда ўйинлар графиги жудаям зич. Клуб ҳар уч кунда битта ўйин ўтказмоқда, шунингдек, терма жамоа ўйинлари бор. Ҳаттоки парвозлар ҳам кучни олади. Тикланиш учун эса вақт кам. Бошқа жамоалар ҳафта давомида дам олишади, тикланишади. Бизда эса бундай имконият бўлмади. Масалан, мен. Терма жамоада 90 дақиқа ҳаракат қилдим ва 3 кундан кейин "Сункар" билан чемпионат ўйинида қатнашдим. Ахир иқлим шароити ҳам турлича эди. Қатарда +38, бу ерда деярли ҳарорат — минус. Акклиматизация ва тикланишга улгурмаслик — барчаси ўйинга таъсир кўрсатади. Барчаси бир-бирига боғлиқ. Бугунги жароҳат унинг таъсири бўлиши мумкин.

— Темур, актобелик мухлислар ҳақида фикрингиз?
— Мухлисларга гап йўқ. Уларнинг қўллаб-қувватлаши кўзни қувнатади. Доимий равишда стадионга келишади. Улар стадионга янада кўпроқ келишлари учун уларни хурсанд қилишни истаймиз. Ҳар бир ўйинда мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши сезилади. Бронза медалларини қўлга киритишимизда мухлисларнинг каттагина ҳиссаси бор.

Манба: www.fcaktobe-fans.kz
Киритилди: 19:32, 02.11.2012.
Ўқилди: 5777 марта.
Фикрлар: 16 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.