«Арсенал» бош мураббийи Микель Артета «Манчестер Юнайтед»га қарши бўлиб ўтган ўртоқлик ўйини (0:2) борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Бундай савиядаги ўйинда, ҳаттоки у ўртоқлик ўйини бўлса-да, кўп фойдали маълумот беради. Биз ҳали кўп нарсани яхшилашимиз керак, жумладан, ҳар икки жарима майдони ичида. Хатолар — футболнинг бир қисми, аммо улардан эҳтиёт бўлиш керак. Мағлубият — ҳамиша аламли.
Жисмоний тайёргарликка талаб ҳамиша юқори, шунга муносиб бўлишимиз керак. Шунинг учун баъзи ўйинчилардан кўпроқ нарса кутамиз. Умуман олганда, рақиб самарали ҳаракат қилганида вазиятларга эга бўлди. Шунингдек, ташаббусни қўлга киритганимизда ҳамда иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштириш учун ҳаракат қилганимизда, бизда ҳам гол уриш учун имкониятлар бўларди, аммо улардан фойдалана олмадик. Натижада "МЮ" ғалаба қозонди», – деди «Арсенал» устози.