Айни пайтда “Бунёдкор” футбол мактабига хужжат топширган ёш футболчиларни кўрикдан ўтказиш жараёни давом этмоқда.
“Бунёдкор” расмий сайти орқали футбол мактабига қабул жараёни бошланганлиги ҳақидаги хабар эълон қилингач, клуб офиси ҳамда интернетдаги манзилига ота-оналар томонидан тўлдирилган анкеталар туша бошлади. Ҳужжатлар қабул қилиш жараёнининг биринчи босқичида мингдан зиёд анкеталар келиб тушди.
Қабул қилинган анкеталарда кўрсатилган манзил ҳамда телефон рақамлари орқали ота-оналар билан боғланиб, ёш футболчилар учун бўлиб ўтадиган йиғин ва кўрик кунлари ҳақида маълумот бериб ўтилди.
Шундан сўнг, “Бунёдкор” футбол мактаби янги номзодларни кўрикдан ўтказишни бошлади. Даставвал, 23-31 октябрь кунлари 2002, 2003 ва 2004 йилларда туғилган футболчилар “имтихон” топширишди.
Айни пайтда 1996, 1997, 1998, 1999, 2000, 2001 йилда туғилган ёш футболчилар кўрикдан ўтишмоқда. Уларнинг йиғини 5 ноябрдан бошланган бўлиб, то 11 ноябрга қадар давом этади.
2005 ва 2006 йилларда туғилган энг кичик гуруҳларга эса болалар ҳеч қандай танловсиз қабул қилинмоқда.
Таъкидлаш жоизки, кўрик жараёнининг дастлабки босқичида 956 нафар футболчи иштирок этди. Улар учун 3та суъний қопламали майдон хизмат кўрсатмоқда.
Футболчилар жисмоний ва тўп билан ишлаш борасидаги нормативлар асосида текширилмоқда. Айнан шу икки кўрсаткич бўйича саралаб олинган болалар кейинчалик турли хил таркибларга ажратилган ҳолда футбол ўйнашлари керак. Футбол мактаби мураббийлари эса майдон четидан туриб футболчилар ҳаракатлари: майдонни кўриш, тез фикрлаш, қулай позиция танлаш, аниқ пас ошириш, техникаси ва шу каби омиллар борасидаги кўрсаткичларини белгилаб боришади. Юқоридаги талабларни тўлиқ бажара олган болалар “Бунёдкор” футбол мактабига қабул қилинади.
Футболчиларнинг топширган нормативлари баҳолари ҳар куни футбол мактаби ташқарисидаги эълонлар тахтасида ёритиб борилмоқда.