"Арсенал" 2022/23 йилги мавсумни юқори нотада ўтказди. Жамоа чемпионликка эриша олмаган бўлса ҳам, кўпчилик мухлисларда илиқ таассурот қолдира олди. Шу сабаб, ёзги мавсумолди ўйинларида ҳам улардан кўп нарса кутилган эди. Умуман олганда, Микель Артета шогирдлари ўтказилган тўртта баҳсда яхши ҳаракат қилди. Лондон клуби трансферлар ойнасида 3 та футболчи учун 200 миллиондан кўпроқ пул сарфлади. Трансферларни муваффақиятли якунлагач, клуб футболчилари билан мавсумолди ўйинлари учун Атлантика Океани узра АҚШга парвоз қилди. Ўтган йили "Арсенал" бирорта мавсумолди баҳсида мағлуб бўлмаганди. Бироқ, бу сафар бошқачароқ бўлди. Тўпчилар ҳар хил натижалар қайд этди. Қуйида ҳозирга қадар ўтказилган ўйинларда "Арсенал"нинг қайси футболчилари яққол порлаганини билиб оласиз.
Юрриен Тимбер
Тимбернинг келиши Деклан Райс муаммоси билан анча кечикди. Нидерландия терма жамоаси аъзоси келибоқ, Артетанинг талабларига жавоб бера олишини кўрсата олди ва ўйинларда ишончли ҳаракат қилди. Собиқ "Аякс" футболчиси MLS'нинг юлдузли таркибига қарши ўйинда захирадан тушиб, ўзини кўрсатди. "МЮ"га қарши 2-0 ҳисобидаги мағлубиятли баҳсда эса жамоанинг энг яхши ҳаракат қилган вакили айнан у эди. Булардан кўриндики, Тимбернинг потенциали Артета жамоасида ҳали тўлиқ намоён бўлмади. У тўпчиларнинг ўйинига янада кескинлик қўша олади. Тимбер клуб эволуциясининг муҳим қисмига айлана олади. Келаётган мавсумда буни кузатишимиз мумкин. Гарчанд "Арсенал"нинг қанотларида футболчилар етарлича бўлса ҳам, Тимбер бемалол ҳар икки томон учун биринчи навбатда афзал кўриладиган вакил бўлади.
Якуб Кивиор
Кивиор январь ойида жамоага қўшиб олинади. У мавсумнинг иккинчи ярмида кам кўриниш берди. Бироқ, Салибанинг йўқлигида, Кивиор ҳимояга барқарорлик бахш эта олди. 2022/23 йилги мавсум сўнггида польшаликдан биз чап қанот ҳимоясида фойдаланилганини гувоҳи бўлдик. Бироқ, яқинда ўтказилган ўртоқлик учрашувларида маълум бўлдики, Кивиор "ёлғоч қанот ҳимоячиси" ролига ҳам мос тушади. Бундай вазифани олдин Олександр Зинченко бажарарди. Кивиорни "МЮ"га қарши кўрмадик. У ўз даражасини асосан "Нюрнберг" ва MLS юлдузлари билан кўрсатганди. Ҳа, 23 ёшли футболчида Зинченкодаги каби қобилият бўлмаслиги мумкиндир, аммо келажакда Артета ундан унумли фойдалана олади.
Леандро Троссард
Айтиш керакки, мавсумолди баҳсларида "Арсенал" сафида ёрқин кўринганлар кўп эмасди. Айниқса, ҳужум чизиғида. Габриэл Жезус ва Букайо Сака ўз стандартларида ҳаракат қилди. Аммо ақлбовар қилмас даражага чиқа олмади. Мухлислар улардан кўп нарса кутади. Шу сабабли, уларнинг оддий ўйинларидан қониқмай қўйганмиз. Ҳужумда алоҳида ажратиб кўрсата оладиган фигура сифатида Троссардни айта оламиз. Бельгия терма жамоаси аъзосининг асосий иши ярим ҳимояда кечганига қарамасдан, у ҳужумга ижодийлик бахш этиб турди. Артета Гранит Жаканинг ўрнини қандай ёпиш ҳақида ўйлай бошлади ва Кай Хаверцни сотиб олди. У эса "МЮ"га қарши унчалик ҳам яхши кўринмади. Троссард эса чап қанот марказни яхши ушлай олди. Ҳужум ташкил қилиш ва боғламлар ўртасида ўйнашда унинг ҳаракатлари яққол ажралиб турганди. "Барселона"га қарши баҳсда эса Троссард, ўзининг ўрнини эгаллади. Чап қанот ҳужум у учун ўта қулай экани маълум бўлди. Дубл қайд этган футболчи, ўзининг маҳоратини яна бир бор намойиш этди. Унинг ҳар икки голи Каталонияликлар дарвозасига индивидуал маҳорати сабабли киритилди. "Арсенал"нинг ЕЧЛга қайтадиган мавсумида Леодан янада кўпроғини кутиб қоламиз.
ИСМАТОВ Ж.