2012 йилнинг 21 ноябрь – 5 декабрь кунлари Тошкентдаги Тасвирий санъат галереясида Халқаро шахмат федерацияси – FIDEнинг халқаро Гран-при босқичи бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Фонд Форум» матбуот хизмати хабар бермоқда.
Шахмат мусобақаси FIDE, «Фонд Форум» ва Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. «Фонд Форум» матбуот хизматининг қайд этишича, «бундай юқори даражадаги халқаро шахмат мусобақаси Ўзбекистонда илк бор ўтказилади».
FIDEнинг Гран-при мусобақалари олти босқичдан иборат бўлиб, икки йил давом этади. Гран-прининг олти босқичи якунига кўра, энг яхши уч шахматчи шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони (ҳиндистонлик Вишванатан Ананд ) билан баҳс олиб бориш имкониятини берувчи баҳсларда иштирок этишади. FIDE Гран-присининг биринчи босқич ўйинлари шу йилнинг сентябь-октябрь ойларида Лондонда бўлиб ўтган. Иккинчи босқичга Тошкент мезбонлик қилади. Кейинги босқич ўйинлари эса Лиссабон, Мадрид, Берлин ва Парижда ўтказилади. Жаҳоннинг энг яхши шахматчиси номи учун ўйин эса 2014 йили бўлиб ўтади.
Тошкентдаги гран-при баҳсларида тезкор шахмат бўйича 2012 йилги жаҳон чемпиони, россиялик Сергей Карякин, 2011 йилги жаҳон кубоги соҳиби, исроиллик Борис Гельфанд, шахмат бўйича 16-жаҳон чемпиони, 2011 йилги жаҳон кубоги финалчиси, украиналик Руслан Пономарёв, тезкор шахмат бўйича 2008 йилги жаҳон чемпиони, кубалик Перез Домингес, 2010 йилги даъвогарлар баҳси финалчиси, венгриялик Петер Леко, жамоавий жаҳон чемпионатларининг икки карра ғолиби (2005, 2010), россиялик Александр Морозевич, Осиё ва Хитойнинг кўп карра чемпиони, хитойлик Ванг Хао, жамоавий ҳисобда 2009 йилги Европа чемпиони, озарбойжонлик Вугар Гашимов, Италиянинг кўп карра чемпиони, италиялик Фабиано Каруано, 2011 йилги Европа чемпиони, тезкор шахмат бўйича 2010 йилги жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби, озарбойжонлик Темур Ражабов, жаҳон кубогининг бронза медали соҳиби, россиялик Пётр Свидлер ва 17-жаҳон чемпиони, 2010 йилги Осиё ўйинлари ғолиби, ўзбекистонлик Рустам Қосимжонов иштирок этади.
Гран-при доирасида жаҳон миқёсидаги гроссмейстерлар Ўзбекистоннинг энг кучли ўсмирларига мастер-класслар ўтказишади. «Фонд Форум» маълумотига кўра, Тошкентдаги баҳслар FIDEга аъзо жаҳоннинг 170 мамлакатига тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилади. Дастлабки уч ўринни қўлга киритган шахматчиларни тақдирлаш маросими эса 4 декабрь куни бўлиб ўтади.
«Фонд Форум»нинг қайд этишича, Тошкентда FIDE Гран-при босқичи ўйинларини ташкил этиш имконияти 2011 йилнинг март ойида Ўзбекистон пойтахтида жаҳон шахматининг икки юлдузи – амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Вишванатан Ананд ва шахмат бўйича 17-жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов ўртасидаги ўртоқлик учрашувининг юқори савияда ташкил этилганидан сўнг пайдо бўлди. Айнан ўшанда, чемпионлар ўйинини томоша қилиш учун Тошкентга келган Халқаро шахмат федерацияси президенти Кирсан Илюмжинов 2012 йилда Тошкент FIDE Гран-при босқичини қабул қилишини эълон қилганди.