Кўпчилик томонидан юқори баҳоланган ёш ҳужумчи катта жамоага ўтмоқда: Хёйлунн тез орада "МЮ" футболчисига айланади. 20 ёшли ўйинчи ўзининг дебют мавсумидаёқ "Аталанта"да шунчалик порладики, у учун Эрик тен Хаф 72 миллион фунтдан кечиб юборишга рози бўлди. "Манчестер Юнайтед"да Харри Кейн, Рандаль Коло Муани, ва Виктор Осимхен каби фантастик ҳужумчилар варианти бор эди. Бироқ, "қизил иблислар" келажак учун сармоя киритди ва жамоага узоқ вақт хизмат қилиши мумкин бўлган Хёйлунн танловини амалга оширди. Ёз давомида қарийб 120 миллион фунтни Онана ва Маунт хариди учун сарфлаган клуб, Хёйлунни сотиб олиш орқали янги мавсумда тен Хаг учун тушадиган босимни янада оширди. Қуйида "Манчестер Юнайтед"нинг янги хариди жамоага нима таклиф этиши ва унинг Рэшфорд ва Марсьялдан фарқини ўрганамиз.
Рақиб дарвозаси олдида
Аввало, шуни айтиш керакки, Хёйлунн "МЮ"га мутлақо янги даража тақдим этади. Рэшфорд ва Марсьялдан фарқли равишда даниялик ҳужумчи кучли жисмоний даража, юқори тезлик ва рақиб жарима майдончаси ичида тўғри жой танлай олиш хусусиятига эга. Хёйлунн ўтган мавсумда "Штурм" ва "Аталанта" сафида жами 37 та баҳсда майдонга тушиб, 12 та гол ва 4 та ассист қайд этган. Рэшфордда бу кўрсаткич 35 та ўйинда 17 та гол ва 5 та ассистга тенг. Марсьялни эса у билан солиштириш қанчалик тўғри бўларкин деб ўйламоқдамиз. Негаки, у 6 та гол ва 2 та ассист қайд этган холос. Умуман олганда, Рэшфорд учун Хёйлуннинг келиши фақатгина фойда келтирган бўларди. Негаки, у тезкор ва рақиб ва тўп ортидан югуришни яхши кўради. Инглиз ҳужумчиси ўтган мавсумда 39.1 фоиз ҳолатларда рақибни тўпсиз қолдирган. Шунингдек, Рэшфорд бундан кейин ўзи истаган чап қанотда доимий ўйнаш имконига эга бўлади.
Тўпни сақлаб туриш
Хёйлунн "МЮ"га бир жабҳада жуда катта ёрдам бериши кутилмоқда. У ҳам бўлса, ҳужумчининг тўпни ўзида олиб юриш ва ушлаб туриш қобилиятидир. Масалан, бу соҳада ўтган йилги ижарачи Ваут Вегхорстнинг камчилиги бор эди. Шунингдек, ҳаводаги курашларда ҳам нидерландияликка ҳавас қилиб бўлмасди. Хёйлунн ва бошқаларнинг бу борадаги кўрсаткичларини солиштирсангиз, данияликнинг яққол устунлиги кўзга ташланади. Хёйлунн 37.1 фоиз, Марсьяль 37 фоиз, Рэшфорд эса 33.3 фоиз ҳолатларда ҳавода муваффақиятли ҳаракатни амалга оширган. Афсуски, тўпни аниқ ошириш борасида Хёйлуннда муаммолар бор. У берган пасларнинг 73.1 фоизигина ўз манзилига аниқ етиб борган. Рэшфорд ва Марсьялда эса бу кўрсаткич, мос равишда 76.7 фоиз ва 80.2 фоизни ташкил этади. Бу эса кейинги жуфтликнинг техник жиҳатдан устунлигини кўрсатади.
Расмус Хёйлунн "Манчестер Юнайтед" ҳужум чизиғини кучайтирадими?
Хёйлунн ақлли ва тажовузкор ҳужумчи бўлишига қарамай, у айни дамдаги "МЮ"нинг ҳужумдаги қувватини ошира олмайди. Шунга қарамай, жамоада марказий ҳужумчига бўлган катта муҳтожлик бор. Негаки, Рэшфорд қанот футболчиси, Марсьялнинг эса жароҳатга мойиллиги кучли. Шу сабабли Рэшфорддан 5 ёш, Марсьялдан эса 7 ёш кичкина ҳужумчи сотиб олинди. Хёйлунн қайд этган натижалар унинг сотиб олиниши учун ҳақиқатдан ҳам етарли эди. У "Аталанта" устози Жан Пьеро Гасперини томонидан Эрлинг Холандга қиёсланган. "МЮ" мухлислари эса уни янги мавсумдан бошлаб Холанд билан кураш олиб боришига ишонмоқда. Агарда у "Олд Траффорд"га келса, биз бир шаҳар клубларининг икки ҳужумчиси ўртасидаги ажойиб рақобатни кўрган бўлардик.
ИСМАТОВ Ж.