"Арсенал"нинг 2021 йилнинг ёзида АПЛни тарк этган "Шеффилд Юнайтед"дан Арон Рамздейлни сотиб олиш қарори кулгили туюлганди. Кўпчилик, ўшанда раҳбариятни 30 миллион фунтни кўкка совуришда айблайди. Бироқ, Рамздейл хейтерларнинг овозини ўша мавсумдаги ўйинлари билан ўчириб қўя олди. Орадан икки йил ўтиб, "Арсенал"га яна янги дарвозабон керак бўлиб қолди. Микель Артета 40 миллион фунт эвазига "Брентфорд"дан Давид Райяни харид қилмоқчи. Хўш, нега бундай йўл тутилмоқда? Ўзи "Арсенал"га янги посбоннинг нима кераги бор?
2021/22 йилги мавсумни Рамздейл қандай ўтказганди?
Дарвозабон "Арсенал"га келиб, катта босим остида қолади. У Лондон клубига келишидан олдин икки мавсум кетма-кет АПЛдан тушиб кетган жамоаларда ҳаракат қилганди. Шунга қарамай, унга билдирилган ишонч оқланди. Рамздейл мавсумни 73.4 фоизлик сейв кўрсаткичи билан якунлади. У АПЛнинг энг яхши учта дарвозабонидан бирига айланди.
2022/23 йилги мавсумда Рамздейл ўсишга эришдими?
Бу саволга жавоб оддий – ҲА! Гарчанд қуруқ ўйинлар борасида Рамздейл яхши даражага эга бўлса ҳам, сейв борасида Рамздейлни зўр деб бўлмасди. Англия терма жамоаси аъзоси 70.6 фоиз натижа қайд этди. Бу эса АПЛдаги 11 ўрин ва ўртача кўрсаткич саналади. Унга рақобатчи бўлиши кутилаётган Райяда эса 77.7 фоизга тенгдир.
Нега Артета иккита бир хил даражадаги дарвозабон истамоқда?
Бу саволга ҳам аниқ жавоб тайёр – Артета майдондаги дақиқалар учун футболчиларни рақобатга ундашни истайди. Буни бутун жамоа мисолида кўришимиз мумкин. Масалан, Юрриен Тимбер Бен Уайтга рақобат учун олиб келинди. Ваҳоланки, Уайт ўтган мавсум бирор жойда қўпол хатога йўл қўймаганди. Леандро Троссард январда Мартинелли билан курашиш учун сотиб олинди. Бразилиялик вингер ўтган мавсумни қандай даражада ўтказганганини эса биласиз. Кай Хаверцнинг келиши биратўла учта позиция эгалари – Сака, Эдегор ва Жезус учун огоҳлик қўнғироғи дейиш мумкин. Шундай экан, нима учун Рамздейлга рақобатчи олиб келинмаслиги керак? Ҳа, таркибда Метт Тёрнер бор. Аммо у тенгма-тенг даражада кураша олмаслиги маълум бўлган.
"Арсенал" Рамздейлдан кечмоқчими?
Райянинг келиши, аслида, Рамздейл вариантидан чекинишни англатмайди. Бу инглиз посбонини ўз спорт формасини юқори чўққига олиб чиқишга ундайдиган омиллардан бири бўлади. Ҳаммаси рақобат ва ўсиш учун қилинмоқда. Артета Рамздейлни Бернд Ленога рақобат уйиштириш учун олиб келганди. Немис футболчиси ўз даражасини йўқотгани сабабли, Рамздейл уни ортда қолдирди. Ҳар қайси позицияга янги футболчи олиб келиш билан бош мураббий футболчиларга янги мужда йўлламоқда – майдонда фақат муносибларгина тўп тепади. Ҳеч кимга, бунда ортиқча имтиёз тақдим этилмайди. Албатта, адолат юзасидан айтиш керакки, Рамздейл ҳали захирага ўтириб қоладиган даражадаги йирик хатога йўл қўймади. Шу сабаб унинг асосий таркибдаги ўрни сақланади. Бироқ, Райя ундан ўзиб кета олса, Артета ўзгариш қилишдан чўчимайди.
Давид Райя нимаси билан ажралиб туради?
Райя Рамдейлда бўлган ҳамма сифатларга эгалик қилади. Испания терма жамоаси аъзосининг сейв кўрсаткичларини айтгандик. Шунингдек, Райя оёқ билан яхши ҳаракат қилади. Бу эса топ-клублар учун энг муҳим омиллардан биридир. Аслида "Арсенал" 2021 йилдаёқ Райяга таклиф билан чиққанди. Аммо, ўшанда "Брентфорд" қўйган нархини пасайтиришдан бош тортган ва "Арсенал" Рамздейлни сотиб олишга қарор қилган. Райянинг харидида "Арсенал" дарвозабонлар мураббийи Иньаки Цананинг ўрни катта бўлиши айтилмоқда.
"Арсенал"нинг Райя борасидаги қарори қатъийми?
Райя хариди фақат жамоа фойдасига хизмат қилган бўларди. Дарвозабоннинг ўзи ҳам рақобат бор жамоага ўтишни ният қилган. У курашни истамоқда. "Арсенал"га эса шундай менталитетга эга футболчилар жуда ҳам зарур. Ушбу трансфердаги энг катта муаммо ҳар доимгидек пул масаласи. Бундан икки йил илгари "Арсенал" испан футболчиси учун 30 миллион фунт таклиф этган. Ҳозир эса 27 ёшли посбон эвазига 40 миллион фунт сўралмоқда. "Брентфорд" Райянинг нархини тушириши ниятида эмас. Испания терма жамоаси аъзоси учун "Бавария" ва "Тоттенхэм" ҳам қизиқиш билдирганди. Аммо айнан нарх масаласи уларни ўйлантириб қўйган. "Арсенал" эса нархни туширишга ҳаракат қилади. Бу борада воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
ИСМАТОВ Ж.