Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ўз гуруҳи ғолиби бўлишига қарамай, чорак финал ўйинини бошқа шаҳар ва бошқа стадионда ўтказгани кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Ҳаттоки делегация раҳбари ва мураббийлар штабимизда бу ҳолат норозилик келтириб чиқарди. Боиси, футболчиларимиз ўйин куни Рас ал-Хаймадан Фужайрага етиб боришди ва тўғридан-тўғри янги стадионда чорак финал баҳсини ўтказишди.
Яхши биласиз, одатда бундай мусобақаларда гуруҳ ғолиблари плей-офф босқичини ўша гуруҳ босқичида тўп сурган шаҳар ва стадионда ўтказишади. Гуруҳда 2-ўринни олган жамоалар эса плей-офф ўйинини ўтказиш учун бошқа шаҳар ва бошқа стадионга боришади. Буни гуруҳ ғолиблари учун берилган ўзига хос кичик бонус десак бўлади.
Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ушбу принципнинг бузилганини сабабини аниқлаш мақсадида мусобақа директори Аваз Бердиқуловга мурожаат қилдик ва қуйидаги жавобни олдик:
"Мусобақа тақвими қуръа ташланмасдан аввал ишлаб чиқилганди. Мезбонлар ОФКдан БАА ёшлар терма жамоасининг барча ўйинларини Рас ал-Хаймада ўтказишни сўради ва ОФК бунга рози бўлди. Яхши биласиз, мезбонлар “А” гуруҳига жойлаштирилади. Натижада ОФК чорак финалга тақвимини тузаётганида “А” гуруҳида дастлабки икки ўринни эгаллайдиган жамоаларнинг чорак финалдаги баҳсини ҳам Рас ал-Хайма шаҳрига қўйди. БАА ўз гуруҳида 1 ва 2-ўринни олишидан қатъи назар ўз ўйинларини шу шаҳарда ўтказишда давом этарди. Аммо амалда улар гуруҳдан чиқа олишмади. Бундай ҳолатлар амалиётда учраб туради ва ОФК мезбонларнинг айрим “эркаликлари”га кўнишга мажбур”.
Кўриб турганингиздек, чорак финалда “А” гуруҳининг икки вакили Рас ал-Хаймадаги “Эмирейтс” стадионини банд қилиб бўлишди. Натижада “В” гуруҳи ғолиби бўлган ва ўз ўйинларини Фужайрада ўтказган Ироқ “А” гуруҳининг иккинчи жамоаси билан чорак финалда учрашиш учун Рас ал-Хаймага борган бўлса, Ўзбекистон эса Рас ал-Хаймадаги стадионлар банд бўлгани учун Фужайрага боришга мажбур бўлди. Фақатгина “D” гуруҳи ғолиби бўлган Австралия ўзи иштирок этган “Фужайра” стадионида чорак финал баҳсини ҳам ўтказди.
Қисқа қилиб айтганда, мезбонларнинг “эркалиги” ва талаби туфайли Ўзбекистон ва Ироқ терма жамоалари жабр чекиб қолишларига оз қолди. Аммо ҳар иккала терма жамоа ўз рақибларини енгиб, ярим финалга чиқди.