Эрон футбол федерацияси техник гуруҳи аъзоларидан бири Афазел Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўйин борасида ўз фикрлари билан маҳаллий матбуотга ўртоқлашди.
«Ўзбекистонга қарши учрашув оғир ўтиши шубҳасиз. Бу саралаш босқичидаги энг муҳим учрашув саналади. Агар Ўзбекистонни ютадиган бўлсак, ЖЧ йўлланмасини 90 фоизга кафолатлаймиз. Ўйлашимча, шунда Эрон 13 очко тўплайди. Гуруҳда 3та жамоа 13 очко тўплай олмаса керак».
Афазел Ўзбекистон ва Жанубий Корея терма жамоаларига қарши ўйинни солиштирар экан, бунда катта фарқ борлигини гапирдию. Унинг фикрича Ўзбекистон терма жамоаси кўпроқ ҳимоядан туриб қарши ҳужумларга таяниб ўйнайди. Тўпни яхши назорат қила оладиган терма жамоага қарши биринчи рақамда бўлиб тўп суриш қийин. Жанубий Кореяга қарши ўйин эса Афазелнинг фикрича бутунлай бошқача бўлган. Ўшанда Эрон қарши ҳужумга асосланган тактикада тўп сурган ва бу самара берган.
Афазел шунингдек БААда бўлиб ўтаётган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатига ҳам тўхталиб ўтиб, муваффақият қозонган терма жамоалар ичида Эрон йўқлигидан катта фожеа ясамаслик кераклигини таъкидлаб ўтди.
«Биз бу мусобақада жуда яхши иштирок эта олдик. Тўғри жаҳон чемпионатига бир қадам қолганида ортга қайтишимизга тўғри келди. Бироқ шуни унутмангки, ёшлар ўртасидаги мусобақаларда мақсад қандай қилиб бўлмасин ЖЧга чиқиш эмас, балки келажакда мана шу футболчиларнинг камида 7-8 нафарини асосий терма жамоа учун муҳим кадрлар қилиб беришдир. Агар ЖЧга чиқсангу, келажакда айтарли кадрларни терма жамоага чиқариб бера олмасанг бундан нима фойда», дея техник директорнинг сўзларидан иқтибос келтиради Эрон маҳаллий нашрларидан бири.