Хабарингиз бор, кеча "Насаф" бош мураббийи Усмон Тошев истеъфога чиқди. Бу билан ҳозиргача ишлаб турган бошқа мураббий ёрдамчилар ҳам жамоани тарк этиши маълум бўлди. Аммо биз бошқа нарса ҳақида фикр юритмоқчимиз.
Кейинги пайтларда "Насаф" мухлислари ўртасида турли хил гап сўзлар тарқала бошлади, эмишки "Насаф"ни кўпчилик ўйинчилар тарк этишади. Бунга сабаб қилиб, жамоадаги муҳитни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Усмон Тошевнинг жамоадаги фаолияти ўйинчиларнинг ҳам кайфиятини тушириб юборди. Бизгача етиб келган маълумотларга кўра, ўйинчиларнинг кайфиятлари ҳозир яхши томонга ўзгарган. Улар, яъни шартномалари ниҳоясига етаётган ўйинчилар "Насаф" клубида келгусида ҳам фаолиятни давом эттириш истагидалар. Фақат легионерлардан Артур Геворкяндан ташқари Андрей Переплёткинс, Иван Бошкович ва Александар Петровичлар тарк этишлари мумкин.
Бу дегани жамоага бошқа легионерлар керак эмас дегани эмас. Энди легионерлар таклиф этилса ҳам, "Насаф"да яхшигина кўрикдан ўтказилиб, агар уларда бошқаларга нисбатан устунлик бўлсагина қабул қилиниши мумкин экан.
Бугундан расман Рўзиқул Бердиев жамоани бош мураббий сифатида қабул қилиб олади. Унинг ёрдамчилари кимлардан иборат бўлишлиги бизга ҳозирча маълум эмас, бу аниқ бўлгач, сиз ўқувчиларимизга етказиш ниятидамиз.
Шу ерда мухлисларга бир нарсани илтимос қилмоқчи эдик. Хабарингиз бор, 21 ноябрь чоршанба куни, бу йилги миллий чемпионатимиздаги охирги турни "Насаф" ўз майдонида қўшниларимиз Самарқанднинг "Динамо" жамоасига қарши ўтказишади. Умид қиламиз "Насаф" жамоаси чемпионатни "Динамо"га қарши ғалаба билан бошлашган эди, энди яна чемпионатни ғалаба билан тугатади. Энди жамоада бизнинг севимли мураббийимиз Рўзиқул Бердиев бўлади. Унга биз мухлислар далда бўлишимиз ва ёнида туришимиз керак бўлади. Шунинг учун барча "Насаф" мухлисларини Марказий стадионига чорлаб қоламиз.