Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Аҳмаджон Мусаев: «ЖЧ-2018да бу жамоадан кўп футболчилар бўлади»

Баҳо:
+2 | -

Бугун, 20 ноябрь куни Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот анжуманлари залида Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Осиё чемпионатидаги иштирокига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда ёшлар терма жамоамиз бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев ва ЎФФ Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов иштирок этишди.

Асқар Толибжонов:
— Терма жамоаларимиз жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганидан кейин матбуот анжуманларини ўтказиш яхши анъанага айланиб қолди. Авваламбор, ёшлар терма жамоамизни ЖЧга чиққани билан табриклайман. Бугунги келиб, 2та терма жамоамиз — Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари ЖЧда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Миллий терма жамоамиз ҳам Мундиалга чиқиш йўлида кураш олиб боришмоқда.

Ёшлар терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келганидан кейин 2013 йилда бўладиган ЖЧга тайёргарликни бошлаб юбордик. Бу борада ёшлар терма жамоаси бош мураббий тайёргарлик лойиҳасини бизга тақдим қилди ва бугун уни мураббий йиғилишида муҳокама қилдик. Режага кўра, жаҳонннинг етук терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари, халқаро мусобақалар ўз аксини топган. Мираброр Усмонов берган кўрсатмага кўра, йиғинлар йил бошидан бошланади. Терма жамоага номзодлар ушбу йиғинларда иштирок этишади.

Шунингдек, ўсмирлар терма жамоасининг ҳам ЖЧга тайёргарлик лойиҳасини тасдиқлаш арафасида турибди. Режамиз эса 25 ноябрда тасдиқдан ўтади. Худди шу йўналишда МТЖ бўйича ҳам 2013 йил бўйича иш режаси тайёрланяпти. Демак, терма жамоаларимиз 2013 йил билан ҳозирдан яшашни бошлашди.

Терма жамоалар марказида селекция ишлари бўйича мониторинг гуруҳи ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимизга номзод футболчиларни ойма-ой кузатиб боришади. Футболчиларнинг ўйинларда иштироки ҳақида — ўйинлари, жароҳати бўйича маълумотлар тўплаб боришади.

Аҳмаджон Мусаев:
— Барчани Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг ЖЧ йўлланмаси йўлга киритгани билан табриклайман. Сизларни қизиқтирган саволлар бўлса, уларга жавоб бераман.

— Жаҳон чемпионатига борадиган терма жамоага номзод футболчилар танлаб олиш қай тарзда амалга оширилади?
— Селекция ишлари борасида янгилик очмоқчи эмасман. Терма жамоа эшиклари барча учун очиқ. Осиё чемпионатида иштирок этган футбочлиларнинг барчаси ЖЧга боради деб кафолат бера олмайман. Ўша пайтга бориб футболчиларнинг индивидуал тайёргарлиги инобатга олинади, жароҳатлар бўлиши мумкин. Осиё чемпионатига кетаётганимизда бизда танлов имконияти кенг эди. Қитъа чемпионатида иштирок этган футболчилар ҳам ўсишда тўхтаб қолишлари керак эмас. ЖЧгача 30 нафар футболчини тайёрлаб боришади.

— Олий лига клублари натижани чиқиш учун ёшларни асосий таркибга қўйишмайди. Натижада ёшлар терма жамоасига номзод футболчилар ўйин амалиётига эга бўлишмайди.
— Ҳа, клубларда вазият бошқача. Клубларда ҳар ҳафта ўйин ўтказади. Терма жамоа футболчилари эса мусобақа бўладиган пайтда юқори формага чиқиши керак. Бу нозик масала. Лекин баъзан тескари ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Масалан, Игорь Сергеев "Пахтакор" асосий такрибида тушмайди, аммо мусобақа тўпурари бўлди. Ислом Тўхтахўжаев ҳам "Нефтчи" ўринбосарлар таркибида ўйнаб юрганида миллий терма жамоаси сафига жалб қилинган. Клублар бош мураббийлари билан яхўши алоқадаман. Масалан, "Пахтакор" бош мураббийи Мурод Исмоилов билан бирга ишламаганмиз. "Машъал" билан яхши алоқаларга эгамиз. Сизнинг саволингиз мени ҳам хавотирга солади. Футболчилар ўйин амалиётига эга бўлиб боришса, биз учун ҳам фойдали бўлади. Мен Осиё чемпионатида иштирок этган футболчиларга агар клубнинг асосий таркибида ўйнашмаса, ЖЧга бормасликларини айтдим. Боиси, ЖЧ савияси анча юқори.

Асқар Толибжонов:
— Ҳар бир клуб фақатгина терма жамоа манфаатидан келиб чиқиб фаолият олиб бормайди. Федерация терма жамоага номзод футболчиларни индивидуал тайёрлаш бўйича клубларга тавсия берамиз ва буни назорат қиламиз. Аммо бу футболчиларни асосий таркибда туширасан деб конкрет кўрсатма бера олмаймиз.

— Ёшлар терма жамоасининг битта камчилиги бор. Терма жамоанинг асосан битта таркиби бор ва ҳар бир ўйинда улар ўйнади. Ушбу терма жамоа Мексикадаги ЖЧда иштирок этганида ҳам асосан битта таркиб билан иштирок этди.
— Саволингиз қисман тўғри, қисман нотўғри. Мексикадаги ЖЧда 13 нафар футболчи хизматидан фойдалангандик. Бу сафар эса эътибор бериб қарасангиз, Осиё чемпионати давомида 19 нафар футболчидан фойдаландик. Ҳар икки кунда ўйин ўтказиш — бу ОФКнинг хатоси. ЖЧда эса ҳар 3 кунда ўйин ўтказишади. Тўғри, охирги ўйинга келиб, футболчиларим чарчаб қолишди.

— Шогирдларингиз Вьетнам билан ўйиндан кейин деярли барча ўйинларда аввал гол ўтказиб юбориб, кейин ғалабани қўлга киритди. Футболчиларни ўйинга руҳан қандай тайёрладингиз?
— Мусобақага жўнаб кетиш олдидан БААда об-ҳаво иссиқ бўлади деб ўйлагандик. Қитъа чемпионатида иштирок этиш учун тактика танлаётганимизда кучли прессинг ва тажавузкорлик билан ўйнашни мақсад қилгандик. Аммо у ерда иссиқ бўлишини инобатга олган ҳолда,  бу усулдан воз кечдик.

Мураббий сифатида сездимки, улар катта босим остида бўлишади. Шунинг учун жамоа тўлиқ имконият билан ҳаракат қила олмади. Осиё футболи шундай тузилганки, тоқ йилда туғилган футболчилар фақатгина ёшлар терма жамоасига келибгина керак бўлиб қолади. Улар ўз имкониятларини узоқ кутишади. Насиб қилса, 2018 йилги ЖЧда бу футболчилардан кўпини кўрасизлар.

— Жамоада иқтидорли йигитлар кўп дедингиз. Жаҳонгир Абдумўминов ҳужумчи бўлишига қарамай, уни таянч ярим ҳимоясида яхши ўйнади. Игорь Сергеев ҳужумчи эмас, аммо тўпурар бўлди. Буни атайлаб амалга оширдингизми ёки вазият шуни тақозо қилдими?
— Жамоада аслида шунақа бўлиши керак. Ҳар бир футболчи турли жойларда ўйнай олиши керак. Ҳужумчи ҳимояга, ҳимоячи эса ҳужумда ёрдам бериши лозим. Футболчи ҳужумда алдаши керак, ҳимояда алдашга ҳаққи йўқ. Бу алмашув рақибга ҳам қийинчилик туғдиради. Тўғри, ўз жойида ўйнагани яхши. Аммо вазият тақозо қилганида футболчилар исталган жойда ўйнай олиши лозим.

— Жамоанинг иштирокидан кўнглингиз тўлдими? Жамоа ўзининг тўлиқ салоҳиятини намойиш қила олдими?
— Ўз олдимизга қўйилган мақсадга эришдик, аммо йигитлар тўлиқ очила олишмади. Катта босим остида қолишди. Фақатгина КХДР билан ўйинда яхши ўйин кўрсатишди. Чунки бу ўйинда гуруҳдан чиқа олмаслигимиз мумкин эди. Мураббий ҳеч қачон ўз жамоасининг ўйинидан қониқмайди.

— Ёшлар терма жамоамиз 2013 йилда қандай халқаро мусобақаларда иштирок этяпти?
Асқар Толибжонов: — 2013 йилнинг 17 январида Санкт-Петербургда Ҳамдўстлик кубоги бўлиб ўтади. Аслида ушбу мусобақада 1991 йилда туғилган футболчилар иштирок этиши керак эди. Аммо биз унда 1993 йилда туғилган футболчилар  терма жамоамиз иштирок этиши ҳақида ташкилотчиларга хат юбордик. Шунингдек, Туркияда иштирок этадиган турнирга таклифнома бор. Унда қайси жамоалар иштирок этишини ўрганиб чиқиб, кейин розилигимизни билдирамиз.

Худди шу ишлар ўсмирлар ва миллий терма жамоа бўйича ҳам кўриб чиқилмоқда. Бизнинг иш режамизга тўғри келадиган мусобақа бўлса, уларда иштирок этамиз. Бу борада ташкилий иш ва молиявий томонлама муаммолар бўлмайди. Шунингдек, Тошкентда ёшлар терма жамоалари иштирокида халқаро мусобақа ўтказишни режалаштирганмиз.

Жаҳон чемпионатигача 8-9та кучли терма жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказмасак, терма жамоани тайёрлашга улгурмаслигимиз мумкин. Бундан ташқари Озарбойжонда анъанавий халқаро турнир бўлади.

Миллий терма жамоамиз эса 2013 йилда Тошкентда 2та терма жамоа билан ўртоқлик учрашуви бўйича шартномамиз бор.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 13:04, 20.11.2012.
Ўқилди: 5854 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.