Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 19:00 Ал-Айн 1-2 Ал-Аҳли (СА)
25/11 21:00 Истиқлол 0-0 Пахтакор
25/11 21:00 Ал-Ғарафа 1-3 Ан-Наср (СА)
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
25/11 23:00 Ар-Райян - Персеполис
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Мусса Диаби: «АПЛ сеҳри кучлида, барибир»

Баҳо:
+ | -

Бундеслига вакили «Байер»нинг франциялик иқтидорли ҳужумчиси Мусса Диаби ёзги трансферлар вақти «Астон Вилла» сафига қўшилди.

24 ёшли универсал ҳужумчи «шерлар» аъзоси мақомида дастлабки интервьюсини Орландода, VillaTV телеканалига берди. Франция терма жамоаси вингери суҳбат жараёнида жумладан, нега айнан «Астон Вилла»ни танлагани, АПЛда ўйнаш иштиёқи, мавсум учун мақсади ва бошқа масалалар юзасидан гапирди.

- Мусса, «Астон Вилла»да хуш кўрдик. Бу клубда бўлиш қандай экан?

- Раҳмат. Очиғи, АПЛга улкан амбицияларга эга катта клуб футболчиси сифатида қадам босиш - таърифланмас туйғу. «Астон Вилла» таклифини бежиз қабул қилмадим, албатта. Қизиқарли лойиҳа! Табиийки, АПЛ мен учун янги лига, демакки, янги тажриба. Бу ерда топ-жамоалар кўплигини яхши биламан, ҳар бир ўйин шиддатли кечишини ҳам. Хуллас, жаҳоннинг энг кучли лигасида янги тажриба билан танишиш учун ҳам «Астон Вилла»га ўтдим.

- Умуман, сизни ушбу клуб ва унинг янги лойиҳаси айнан нимаси билан қизиқтирди аввало?

- Айтганимдек, биринчи нав­батда, АПЛда ўйнаш имконияти ўзига тортди. Қолаверса, клуб директори ва бош мураббийи билан суҳбатлашдим ва якуний қарор чиқаришимда ўша диалоглар таъсири катта бўлди. Шунингдек, таклифни қабул қилишдан олдин Бубакар Камара ва Лукас Динь билан гаплашдим, улар клуб ло­йиҳасини тўлқинланиб таърифлашди. Якунда барчасини обдон ўйлаб, ижобий жавоб бердим. Яна нима дердим, АПЛ сеҳри кучлида, барибир.

- Унаи Эмерини Париждаги фаолиятидан яхши биласиз. Мураббий «Астон Вилла» оиласига қўшилганингиздан кейин нималар деди?

- Ҳа, Эмери билан Парижда йўлларимиз туташган ва унинг жуда кучли мураббий эканлиги маълум. Лекин ўша пайт жуда ёш эдим. Мана, тақдир бизни яна учраштирди. Эмерининг ўша пайтдаги нутқини яхши эслайман. Жарангдор ва жуда кучли нутқ. Қисқаси, Эмери мени улкан амбицияларга эга жамоа сафини тўлдириш онларини интиқлик билан кутишга мажбур қилди...

- Леон Бэйли билан эса «Байер»даги ҳамкорликдан танишсиз. Бирмингемдаги дастлабки кунлар қандай ўтди?

- Ҳа, Леон билан Леверкузенда бирга ўйнаганмиз. Уни яхши инсон, кучли футболчи сифатида ҳурмат қиламан. Қолаверса, «Астон Вилла» таркибидаги франциялик футболчиларни ҳам яқиндан биламан. Уларнинг клубга мослашув масаласида катта ёрдам беришлари ўз-ўзидан тушунарли. Янги клубда ўзингизга таниш йигитларни учратишингиз нақадар ёқимли. Ўйлайманки, уларнинг ёрдамлари билан нафақат клубга тезда мослашаман, балки бошқа жиҳатларни ҳам енгилгина ўрганаман. Жумладан, жамоа ўйинига қўшилиш ва ўз фазилатларимни майдонда кўрсатишда унча қийналмасам керак.

- Таркибга АҚШ бўйлаб мавсумолди турнесида қўшилдингиз...

- Ҳа, жамоага энг муҳим паллада келдим. Трансфернинг қисқа муддатда амалга оширилгани ҳам фойдамга ишлаши керак. Қайтараман, ўз танловимдан бағоят мамнунман. Таркибга нисбатан эрта қўшилганим янги клубдошлар, ходимлар ва бизни ўраб турган бошқа инсонлар билан муносабат ўрнатиб олиш имконини яратди. Умуман, янги жамоага ўтишга қарор қилган футболчи учун энг зарури шу - масалани имкон доирасида вақтлироқ ҳал қилиш. Шунда у эътиборини 100 фоиз машғулотларга қаратиб, ўйин ритмига тезроқ тушади.

- Англия ва АПЛда ўйнаш иштиёқи қарорингизда муҳим роль ўйнаганини таъкидладингиз. Хўш, юқори даражали рақобат ва жангга тайёрмисиз?

- АПЛ энг яхши жамоаларга эга топ-турнир эканлигини қайта-қайта айтиш шарт эмас. Ўйлайманки, жуда тўғри танловда тўхтадим. Салоҳиятим даражасини яхши биламан. Ўйлайманки, ҳозирги фазилатларим билан бу ерда йўқолиб қолмайман. Оддий айтганда, «Астон Вилла»да ҳам, Лигада ҳам яхши натижаларга эриша оламан. Ҳар ҳолда, ишонч катта.

- «Астон Вилла»да ҳам 19-рақамли футболкани олдингиз. «19» билан алоқангиз ҳақида гапириб берсангиз...

- Ҳақиқатан ҳам, 19-рақам мен учун жуда қадрли. Бунинг тарихига келсак, Париж жамоаси сафига қўшилганимда, шу рақамли туманда яшаганман. Айнан ўша ерда ўсиб-улғайдим, футболчи сифатида шаклландим. Кейинчалик «19»ни ўзимга ҳамроҳ қилиб олдим.

- Охирги савол: янги мавсум учун амбицияларингиз қандай? Ҳам шахсий, ҳам жамоавий...

- Албатта, мақсад улкан ва аниқ. Биринчи навбатда, «Астон Вилла» иложи борича юқорига кўтарилишига муносиб ҳисса қўшишим керак. Қолаверса, жамоамиз евро­аренада ҳам ҳеч нарсадан қўрқмас гуруҳ сифатида кўзга ташланишини хоҳлайман. Биламан, бизда яхши жамоа, топ-мураббий ва ажойиб ходимлар бор. Шундай экан, буни амалда кўрсатишдан умидвормиз. Шахсий амбициялар? Табиийки, имкон қадар яхши статистика билан мухлислар қалбидан жой олишни кўзлайман ва яна жамоа тарихига муҳр босишни ҳам.

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 10:01, 20.08.2023.
Ўқилди: 822 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.