Ўзбекистон кубогининг ярим финалидан ўрин олган марказий учрашувда Тошкентнинг икки етакчи жамоаси «Пахтакор» ва «Бунёдкор» ўзаро дуч келиб қолганидан ва биринчи учрашув 1:1 ҳисобида кечганидан хабарингиз бор. Иккинчи учрашувга энди «Пахтакор» мезбонлик қилди.
Учрашувнинг дастлабки дақиқаларини иккала жамоа ҳам ҳужумкор тарзда бошлашди. Дастлабки хавфли вазиятни эса -мезбонлар юзага келтиришди. Игнатий Нестеров тўпни тепиб юборишда хатоликка йўл қўйди ва уни Шерзод Каримовга бериб қўйди. Шерзод жарима майдончасига яқинлашиб келаётган бир паллада Хайрулла Каримов уни тўхтатиб қолди.
Кейинги вазиятларда Станислав Андреевнинг жарима зарбаси, Жасур Ҳасановнинг 30 метрлардан йўллаган зарбалари фойда бермади.
19-дақиқага келиб «Бунёдкор» ҳисобда олдинга чиқиб олганди. Мурзоев дарвозага қайчи услубидаги зарбасидан сўнг Лобанов тўпни қайтарди. Қайтган тўпни Тўраев дарвоза тўрига жойлади. Бироқ қанот ҳаками бу вазиятни офсайд дея баҳолади. Ваҳоланки такрорий лавҳаларда қанот ҳаками адашгани маълум бўлди.
Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларига қадар икки жамоа ўйинни бироз сустлаштиришди. Фақатгина 44-дақиқага келибгина хавфли вазият содир этилди. Лутфулла Тўраев чамаси 26 метрлардан зарба йўллади. Дарвозага аниқ бораётган тўпни Лобанов маҳорат кўрсатиб, майдон ташқарисига чиқариб юборди. «Пахтакор» ҳам бу ҳужумга хавфли ҳужум билан жавоб берди. Филипосян тўпни кутилмаганда рақибга бериб қўйди. Тезкор ҳужумда Шарофетдинов тўп билан дарвозага яқинлашиб келди. Бироқ Хайрулла Каримов уни хато қилишга мажбур этди. Шу тариқа биринчи бўлимда табло ходимларига иш топилмади.
Иккинчи бўлимда эса «Бунёдкор» бутунлай бошқача футбол кўрсата бошлади ва буни ҳисобда ҳам акс эттира олди. Аввалига 54-дақиқада Шораҳмедов чамаси 24 метрлар узоқликдан чап оёқда дарвозага зарба йўллади. Тўп дарвоза устунига тегиб, дарвоза тўридан жой эгаллади.
Орадан бир дақиқа ўтиб меҳмонлар ҳисобдаги фарқни иккитага оширишди. Мурзоев тўпни чап қанотда бўш турган Ғофуровга узатди. Анвар эса тўпни жарима майдончасига узатиб берди. Бу ерда Саломов тўпни тўхтатмасдан дарвоза тўрига жойлаб қўйди.
73-дақиқага келиб энди «Пахтакор» ҳисобдаги фарқни қисқартирди. Шораҳмедов тўпни дарвозабонга қайтаришда хатоликка йўл қўйди. Натижада тўпни Темурхўжа АБдухолиқов эгаллаб олиб, дарвозабон бирга бирга бир чиқди. Унинг зарбасини Нестеров тўсиб қола билмади.
Бу ҳисоб «Пахтакор»ни қониқтирмасада «Бунёдкор» фарқни яна иккитагача чиқариб олди. Тезкор қарши ҳужумга ўтган «Бунёдкор» учинчи голни киритди. Тўраев тўпни Раҳматуллаевга оширди. Алибобо эса қулай вазиятга чиққан Саломовни тўп билан таъминлади. Шавкат бир тепки усулда дарвозани аниқ нишонга олиб, ҳисобни 1:3га оширди.
Бу ўйиндаги якуний ҳисоб бўлиб қолди ва «Бунёдкор» финал йўлланмасини қўлга киритди. Иккинчи финалчи эса «Бухоро» ва «Насаф» учрашувидан сўнг аниқ бўлади.
Ўзбекистон кубоги.
Ярим финал, жавоб учрашуви
ПАХТАКОР - БУНЁДКОР 1:3 (0:0)
Голлар: Темурхўжа Абдуҳолиқов (73) - Акмал Шораҳмедов (53), Шавкат Саломов (55, 77)
«Пахтакор»: 12. Александр Лобанов, 5. Акбаржон Исматуллаев, 7. Кахи Махарадзе, 13. Александр Клецков, 14. Шерзодбек Каримов (8. Санибал Ораховац, 68), 19. Игорь Сергеев (34. Ойбек Қиличев, 58), 24. Даврон Ҳошимов, 26. Дилшод Шарофетдинов (9. Темурхўжа Абдуҳолиқов, 46), 27. Илҳом Суюнов (С), 28. Станислав Андреев, 29. Владимир Козак.
«Бунёдкор»: 1. Игнатий Нестеров, 2. Акмал Шораҳмедов, 4. Хайрулла Каримов, 6. Анвар Ғофуров, 8. Жавлон Иброҳимов, 10. Шавкат Саломов, 13. Лутфулла Тўраев (5. Дилшод Жўраев, 81), 16. Артём Филипосян, 17. Камолиддин Мурзоев, 19. Жасур Ҳасанов (24. Баҳодир Пардаев, 84), 22. Виктор Карпенко (14. Алибобо Раҳматуллаев, 66).
Огоҳлантиришлар: Игорь Сергеев (52), Илҳом Суюнов (64) - Камолиддин Мурзоев (57).
Ҳакамлар: Р. Эрматов, А. Расулов, Ж. Саидов, А. Асимов