Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Дин Хендерсон: «Юнайтед»да ўйнаш орзу эди...»

Баҳо:
+ | -

Дарвозабон Дин Хендерсон «қизил иблислар»нинг ашаддий мухлиси сифатида улғайди ва 14 ёшида клуб академиясига қабул қилинди.

 Бир қатор жамоаларда ижара муддатини ўташ асносида қўшимча тажриба тўплаган иқтидорли кипер 2020 йилнинг сентябрида сабри ва меҳнатига яраша тақдирланди - «Лутон»га қарши баҳсда ниҳоят, «МЮ» дарвозасини қўриқлади. Дин шу тариқа севимли жамоасининг жами 29та расмий ўйинида қатнашди ва асосийси, «Олд Траффорд»даги даврда Англия миллий жамоасига чақирилди. Бироқ шундай истеъдод ёзги трансферлар муддатининг охирги кунлари «МЮ» билан хайрлашиб, «Кристал Пэлас» сафига қўшилди. 26 ёшли кипер Жанубий Лондонга йўл олишдан олдин MY TV канали меҳмони бўлди ва «Юнайтед»даги фаолиятини ғурур билан эслади, мухлисларга самимий миннатдорчилик билдирди.

- Дин, болалигингиздан «МЮ» тизимидасиз. Айтинг­чи, бу клуб сиз учун нимани англатади ва хайрлашиш оғир эмасми?

- «МЮ»нинг фаолиятимда тутган ўрнини таърифлашга ожизман - бу ҳаётим мазмуни. 14 ёшда «қизил иблислар» сафида ўйнаш орзуcини рўёбга чиқариш учун келгандим ва шукрки, буни уддаладим. Шундай экан, қаерга борсам ҳам, севимли клубим шаънини ҳимоя қиламан, унга нисбатан муҳаббатимни юрагим тубида сақлайман.

- Демак, «Юнайтед»дан кетаётганингизга қарамай, клуб билан алоқани ҳеч қачон узмайсиз, шундайми?

- Ҳа, шубҳасиз. Болалигимдан шу жамоа мухлисиман. «МЮ» тизимида бутун босқичларни босиб ўтдим ва клубни ҳамон вужудим билан яхши кўраман. Албатта, «Олд Траффорд»да вақти-вақти билан кўтарилиш ва пасайишларни бошдан кечирдим. Муҳими, бу ердан ажойиб хотиралар билан кетяпман. 

- Аслида сиз каби академия тарбияланувчилари «Юнайтед»да ҳамиша алоҳида ўрин тутишган. «Олд Траффорд»даги даврдан қанчалик фахрланасиз?

- Ақл бовар қилмас даражада! 14 ёшда таклиф олиш, Уайт­хавендек мўъжаз жойдан Манчестерга келиш, қолаверса, академияга Маркус Рэшфорд ва Скотт Мактоминей кабилар билан бирга қўшилиш... Клуб бизга муваффақиятга эришиш учун ажойиб платформа тақдим этди. Шундай экан, академиядаги ҳар бир инсондан бағоят миннатдорман. Бу ерда йиллар давомида менга катта ёрдам беришди, қўллаб-қувватлашди ва тўғри йўналишга ундашди.

- Яқинларингиз шунча вақт давомида «Юнайтед» тизимида қолишингизга қандай муносабат билдиришди?

- Табиийки, улар мудом қўллаб-қувватлашди. 14 ёшда уйдан кетишга чоғланганимда бўлган жиддий суҳбатни яхши эслайман. Бинобарин, онам-отам учун мендан айрилиш жуда қийин эди, лекин улар охир-оқибат, кетишимга рухсат беришди, шу билан орзум амалга ошишига шароит яратишди. Яқинларимнинг доимий ғамхўрликларини асло унутмайман. Дейлик, ҳар ҳафта базага қатнаш учун 3 соатлик йўлни босиб ўтардим, бунда ота-онам ҳамиша ҳамроҳим бўлишарди.

- Қаллиғингиз ҳам бу йўлда ҳамиша ёнингизда турганини биламиз...

- У кўчиш жомадонларини кўрганида, роса асабийлашади, лекин охир-оқибат, ортимдан юради, барибир. Мана, яқинда ўғилчали бўлдик, шунинг учун ҳозир унга анча қийин. Лекин биламан, мени асло ёлғиз қолдирмайди, барчасини бирга енгиб ўтамиз.

- Академиядаги даврдан буён сиз учун алоҳида қайғурган бирор киши ёки бўлимни айта оласизми?

- Академияда ҳар бир ходимнинг ўз роли бор ва ҳамма ўзига тегишли йўналишларда ёрдам берди. Тўғри, Жек Робинсон, Алан Феттис ва Кевин Вульфдан иборат дарвозабонлар штабини алоҳида эътироф этишим керак. Шунингдек, ҳозир асосий жамоа­да ишлаётган Рич Хартис ва Крейг Моусондан ҳам миннатдорман. Айнан уларнинг кўмаклари билан академияда ҳам, асосий жамоада ҳам ўзига яраша муваффақиятларга эришдим, ўз ўрнимни топдим. Бундан фахрланишим кераклигини ҳам биламан.

- Албатта, болаликдан орзу қилган севимли жамоангизнинг бир қисмига айланганингиз рост. Аввало, нималарни эслайсиз...

- Факт шуки, жамоа либосини кийиб, «Олд Траффорд»да майдонга тушдим, евроареналарни кўрдим, энг муҳими, АПЛда ўйнаш орзум амалга ошди. Яна Англия ва Лига кубогида қатнашдим. Болалигимда айнан шуларни кўзлаганман. Тўғри, ҳозир кетишга тўғри келаётгани бироз ачинарли...

- Шунингдек, бу ерда бир қатор муҳим лаҳзалар аро суздингиз. Келажакда «Юнайтед»га боғлиқ қайси вазиятларни кўпроқ ўйлайсиз?

- Ортга назар солиб айтсам, биринчи марта асосий жамоа либосида майдонга тушганимни ҳеч қачон унутмайман. Қисқаси, «Лутон»га қарши кечган кубок ўйини хотирамга абадий муҳрланган. Умуман, дебют ҳар ким учун ўзига хос лаҳза ҳисобланади. Эсимда, ўша учрашувдан кейин нақ бир ҳафта давомида тўлқинланиб юрганман, ижобий маънода ўзимга келолмаганман.

- Энди фаолиятингизда янги саҳифа очилмоқда. Хўш, ушбу бобни битишга қанчалик тайёрсиз?

- Табиатан жуда ғайратли йигитман ва «Кристалл Пэлас» вариантини ҳам олдинга ташланган қадам сифатида кўр­япман. Ўйлайманки, потенциалимни максимал даражада ошириш учун энг мақбул вариант юзага келди. Тўғри, «МЮ»дан кетиш баъзан алам уйғотиши мумкин, асосан ишонч ва ички туйғу туфайли. Аммо ҳақиқат шуки, фаолиятимга назар ташлаб, потенциа­лимни ҳали тўлиқ намоён этмаганимни тушунаман. Ҳар ҳолда, ҳали ўз сўзимни баралла айтишни хоҳлайман. Чунончи, чиндан ҳам, кўзлаган энг юқори даражага кўтарилганимча йўқ. Янги жамоада айнан шуни исботлашни хоҳлайман. Кўрамиз, танлаган йўлим мени қаергача олиб бораркин...?

- «Юнайтед» мухлисларига хайрлашув сўзларингиз бўлса, марҳамат...

- Аввало, барчага чин юракдан катта раҳмат! Ҳар қандай ҳолатда бу клубни яхши кўраман, уни қўллаб-қувватлашда давом этаман. Айтганимдек, яқинда ўғилчали бўлдик ва у келажакда «қизил»ни танлайди, шубҳасиз! Ҳаммаси учун яна бир марта раҳмат ва мухлисларга энг яхши тилакларни йўллаб қоламан.

- Табиатан жуда ғайратли йигитман ва «Кристалл Пэлас» вариантини ҳам олдинга ташланган қадам сифатида кўряпман. Ўйлайманки, потенциалимни максимал даражада ошириш учун энг мақбул вариант юзага келди. Тўғри, «МЮ»дан кетиш баъзан алам уйғотиши мумкин, асосан ишонч ва ички туйғу туфайли. Аммо ҳақиқат шуки, фаолиятимга назар ташлаб, ҳали потенциалимни тўлиқ намоён этмаганимни тушунаман. Ҳар ҳолда, ҳали ўз сўзимни баралла айтишни хоҳлайман.

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 09:15, 17.09.2023.
Ўқилди: 1708 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.