Кириш Регистрация
19/12 01:30 Вильярреал 1-1 Райо Вальекано
19/12 01:30 Эспаньол 1-1 Валенсия

Буффон энди спорт директори бўлмоқчи

Баҳо:
+ | -

Ўтган мавсум якунида қўлқопларини михга илган «Ювентус»нинг афсонавий дарвозабони Жанлуижи Буффон энди клуб тизимида иш бошлаш ниятида

 Италия миллий жамоаси собиқ кипери Rds радиостанцияси мухбирлари билан суҳбат давомида мухлисларни қизиқтирадиган бир қатор мавзулар юзасидан гапирди. Жумладан, ҳозирги мақсадига ҳам дангал тўхталди.

- Бир қарашда, буюк Жижи самарали фаолиятини ҳали тугатмоқчи эмасди. Ўзи нима бўлди? 

- Ҳа, «Кальяри»га қарши кечган «плей-офф» босқичи финал ўйинидан кейин кетиш фурсати етганини тушундим. Очиғи, «Парма» билан «А» серияга қайтишни ўйлагандим. Ҳал қилувчи учрашувнинг биринчи бўлими охирида мушакларда оғриқ ва ноқулайлик сезилди, бу майдондан тезда чиқиб кетишимни тақозо этди. Ўша палладаёқ катта футболдаги сўнгги ўйиним ортда қолганини тушунгандим.

- «ПСЖ»даги тажрибадан нима қолди? 

- Парижга йўл олишдан олдин «Юве» билан хайрлашишга қарор қилиб бўлгандим. Яъни клубда қолишга кўзим етмади, ваҳоланки, жисмонан мукаммал ҳолатда эдим. Қисқаси, «ПСЖ»га ҳурмат сақлаган ҳолда айтаман, орқага қадам ташлашимга тўғри келди. Париждан апрель ойи охирида қўнғироқ бўлганди. Очиғи, бу вариантдан воз кечиш аҳмоқлик саналарди. Бинобарин, хориж тажрибасини ўзимда синаб кўришни хоҳлардим. Парижда эса стратосфера даражасида ўйнайдиган стратосфера жамоа шаклланган эди.

- Италия терма жамоаси делегацияси раҳбари роли ёқяптими?

- Ҳа, бу иш жуда қизиқарли. Асосийси, ўзим учун яхши таниш муҳитга қайтдим. Биз бормаган яна бир мундиал учун қасос олиш ниятида. Ҳозирги асосий мотивациям - шу.

- Айтишларича, энди спорт директори бўлиш учун таҳсил олмоқчи экансиз...

- Курслар яқин орада бошланади. Ўқиш жараёни менда қўрқув эмас, балки катта қизиқиш келтириб чиқармоқда.

- ЧЛда ғалаба қозонолмаганингиз фаолиятингиздаги доғми ёки...?

- Йўқ. Аксинча, «шалпангқулоқ» кубокни қўлга киритмаганим фаолиятимни анча чўзишга ундади. Совринга эришолмаганимдан афсусланаман, албатта, лекин бу самарали фаолиятимни асло хиралаштиролмайди.

«Реал»га қарши кечган афсонавий ўйинни қандай эслайсиз?

- Барчаси - тарих. Агар ўша вақтга қайтиш имкони берилса, айрим вазиятларда бош­қача йўл тутардим. Факт шуки, ўша финал баробарида баъзи орзуларимиз ҳам тугаган экан. Шунчаки, диванда ётсангиз, айрим сўзлар жуда кучли туюлиши мумкин, буни 3 ойдан кейингина англадим...

- Италия миллий жамоасининг мундиалга чиқолмаганидан қанчалик сиқилгандингиз?

- Икки томонлама умидсизлик... Ахир биз катта орзуни синдирдик. Жаҳон чемпионатидан четда қолиш - бутун Италия учун кучли оғриқ. Афсус, шундай аламли якунга юз тутган носоғлом йўлда қолдик. Оқибатда ҳамма Вентурани омадсизликнинг асосий айбдорига чиқарди. Лекин шахсий фикримча, мураббий ёки жамоа натижага эришолмаса, бунда фронт ташқарисидагилар ҳам айбдор саналишади. Баъзида уларнинг айб­лари янада жиддийроқ бўлиши мумкин. Зеро, муайян танловда тўхтадингизми, охиригача чекинмаслигингиз керак.

- «А» сериянинг жорий мавсумидан нималар кутяпсиз?

- Менимча, «Юве» ва «Интер» охиригача чемпионлик учун курашади, «Наполи» ва «Милан»нинг амбициялари қандайлигини тушуниш учун эса озгина кутиш керак. «Россонерлар»да кучли мураббий бор ва агар ўйин тўғри йўлга қўйилса, улар ҳам скудеттога даъво қила олишади.

- Спаллетти терма жамоа мавқеини тиклашга қодирми, сизнингча?

- Менимча, терма жамоага энг яхши даврида турган эркин мураббийни топишди. Машғулотлар пайти Лучано билан кўришдим ва ўзим учун унинг янги қирраларини кашф этдим. Йўқ-йўқ, мураббий сифатида Спаллеттига ҳеч қандай шубҳам йўқ эди, шунчаки, унинг профессио­наллик даражасидан қойил қолдим. Бундан ташқари, Лучано психологик жиҳатдан ҳам жуда кучли.

- Доннарумма атрофидаги воқеликка муносабатингиз...

- Терма жамоа дарвозабонига нисбатан ҳуштакбозлик қилишаётганини кўриш ёқимсиз, албатта. Бунинг ортида сабаблар бордир, лекин афсусланасиз, барибир. Ўйлайманки, Жижи кучли босим билан таниш ва бу ишининг энг қийин қисми эканлигини тушунади. Шахсан мен ҳам ҳуштакбозликка учраганман, лекин қаердалигини айтмайман. Шунчаки, айрим одамлар туфайли муаммога дуч келгандим. Ким кучли бўлса, бундай ноқулайликларни ҳам енгиб ўтади, албатта.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 19:53, 29.09.2023.
Ўқилди: 1427 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.