Қуйида топ-клублар нишонига тушган «Брентфорд» форварди Айван Тоуни ҳақида сўз юритамиз.
Ёзги трансфер ойнаси ёпилган. Бироқ, айрим клубларнинг таркибини кучайтириши зарурлиги ҳақида суҳбатлар давом этмоқда. «Челси» янги ҳужумчига муҳтожлигини яширмаяпти. Балки худди шундай муаммо «Арсенал»да ҳам бордир, гарчи «канонирлар» буни реклама қилишмаса ҳам. Сифатли ҳужумчиларни олиш жуда қийин, аммо клублар бази футболчиларни сотишга тайёр. Масалан, Айван Тоуни.
«Асаларилар» Премьер-лигага кўтарилгач, «Брентфорд» форварди машҳур бўлди. Тоуни 27 ёшда ва жуда кўп гол ура олади - энди унинг учун карьерасини кўтариш вақти келди. Айниқса, у бутун фаолиятини Англияда ўтказганини, лекин ҳеч қачон топ-клубда ўйнамаганини ҳисобга олсак, бу тўғри қарор бўлади. Футболчи ҳозирда пул тикиш қоидаларини бузганлиги туфайли дисквалификацияни ўтамоқда, аммо бу унинг потенциал клубларини тўхтата олмайди. Қолаверса, футболчи январь ойи ўрталарида – мавсумнинг қизғин вақтида майдонга қайтиши мумкин бўлади.
Тоуни фаолиятининг кўп қисмини Премьер-лигадан ташқарида ўтказди, бироқ уни доимо Англияда кўришга ўрганиб қолганмиз. 2015 йилда у ўз фаолиятини бошлаган «Нортхэмптон» клубидан «Ньюкасл»га кўчиб ўтган ва шундан бери ижарада ўйнаган. Форвард 2018 йилда асосий таркибда бор-йўғи 4 та ўйин ўтказган клуби – «қарғалар» лагерини тарк этганди. Ўша пайтдаги ва ҳозирги «Ньюкасл» турли даражадаги клублар эди, шунинг учун «қарғалар» истиқболли футболчини қўйиб юбориши ўша пайт учун ажабланарли ҳолат эмас эди. Тўғри, у кўп гол ура олмади, учинчи дивизионда «Барнсли», «Шрусбери», «Скантроп» ва «Уиган» жамоаларида ўйнади.
Тоуни ўз вақтини кейинчалик «Питерборо»да ўтказди, у ерга 2018 йилнинг ёзида «Ньюкасл»дан доимий равишда кўчиб ўтди. Ўшандан бери у дивизионлар туридан қатъи назар, ҳар мавсумда камида 10 та гол урди. Ўша пайтда «Питерборо» учинчи дивизионда ўйнаган. Биринчи мавсумда форвард 16 та, иккинчисида 24 та гол урди. Шундан сўнг ҳужумчи Чемпионшипдаги «Брентфорд»га кўчиб ўтди, бир йил ўтиб «Питерборо» ҳам юқори лигага кўтарилди. Клуб ҳозир яна 1-лигада ўйнамоқда.
«Питерборо» Тоунини «Ньюкасл»дан 390 минг еврога сотиб олганди. Футболчи 5,6 миллион эвазига «Брентфорд»га кўчиб ўтди. Трансфер ўзини тўлиқ оқлади. Биринчи мавсумида Тоуни ўз жамоаси ва бутун чемпионатнинг энг яхши тўпурари бўлди. Ҳужумчи 33 та гол урди ва 10 та голли узатмани амалга оширди. Худди шу мавсумдан сўнг «Брентфорд» Премьер-лигага кирди. Футболчи ҳам элит юлдузлар орасида эсанкираб қолмади. Премьер-лигага кирган биринчи мавсумда у 12 та гол урган бўлса, иккинчисида 20 та гол урди. Футболчининг барқарорлиги ва жадал ривожланишини пайқаш қийин эмас.
«Асаларилар»га бу мавсумда энг яхши тўпурар етишмаяпти. «Брентфорд» кўп гол урмайди ва тез-тез ғалаба қозона олмайди. Тоуни нафақат вазиятларни тўлақонли амалга ошириш нуқтайи назаридан, балки жамоанинг умумий кўрсаткичларида ҳам муҳим фигура ҳисобланади. Айван бироз Харри Кейнга ўхшаб кетади. У нафақат ҳужумнинг олдинги қисмида фойдали, балки орт зонадан ўйнашда ҳам мукаммал. Тоуни, шунингдек, қанот ярим ҳимоячилари учун жой бўшатиб, рақибларни ўзига қарата олади. Ўтган мавсумда у 90 дақиқада ўртача 2,26 та қоида бузган.
Лекин биринчи навбатда Тоуни гол уриш маҳорати билан ажралиб туради. Ўтган мавсумда у 90 дақиқада ўртача 0,61 та гол урган. Премьер-лига тўпурарлари рўйхатида у фақат Кейн ва Эрлинг Холанддан ортда қолди. Айван бир мавсумда ўртача 25 та асосий узатмани амалга ошириб, ҳужумларни якунлаш ва ривожлантиришга ёрдам берди. Тоуни иккала оёғи билан ҳам дарвозага хавфли зарба бера олади. У ҳавода ҳам яхши ўйнайди. Бундан ташқари, Айван аллақачон 11 та пенальтини амалга оширган, икки марта жарима зарбасидан ва 3 марта боши билан дарвозани ишғол қилган.
Ҳужумчиларга бўлган талаб юқорилигини ҳисобга олсак, Тоунига қизиқиш унинг дисквалификацияси фонида ҳам совиб қолмайди. «Брентфорд» бош мураббийи Томас Франк футболчи январь ойидаёқ клубни тарк этиши мумкинлигини тасдиқлади. Ҳаммаси таклифларга боғлиқ бўлади. «Асаларилар» футболчини 80 миллион фунтга баҳоламоқда. Франкнинг фикрича, клублар ярим ҳимоячилар ва ҳимоячилар учун катта суммалар тўлаётганини ҳисобга олсак, нарх адолатли. Сифатли форвардлар юқори нархда баҳоланиши керак.
Миш-мишларга кўра, «Арсенал» ва «Челси» Тоунини сотиб олиш учун номзодлар рўйхатида бор. «Кўклар»дан фарқли ўлароқ, «канонирлар» жамоага янги ҳужумчи кераклигини очиқ айтишмади, бироқ кўплаб мутахассислар буни таъкидлаб ўтишди. Пол Марсон айтганидек, Эдди Нкетиа «канонирлар» учун Премьер-лигани ютишда ёрдам бера олмайди ва Габриэль Жезус унчалик яхши ўйин кўрсатмаяпти. Бразилиялик футболчига ҳужумда шерик керак, бироқ экспертларнинг фикрича, «Арсенал»да ҳозирча муносиб савиядаги футболчилар йўқ.
Британия ОАВнинг хабар беришича, «канонирлар» янги форвардни қўлга киритиш учун ўз футболчиларини сотишлари керак, акс ҳолда улар молиявий фейр-плей қоидаларига тўғри келмайди. «Канонирлар» янги келганлар учун жуда кўп пул сарфлашди, шунинг учун улар соф фойда олиш учун ўз футболчиларининг бир қисмини сотишларига тўғри келади. Бу, масалан, оз ўйин вақтига эга бўлаётган Эмиль Смит Роу ёки ўша Нкетиа бўлиши мумкин. Лекин кўп нарса бозордаги вазиятга ҳам боғлиқ бўлади. Агар «Арсенал» янги ҳужумчини сотиб олишга қарор қилса, «Челси»дек жиддий рақибга дуч келиши мумкин.
«Кўклар» Тоуни билан шартнома имзолашда муаммога дуч келмайди. Уларга ҳужумчи керак ва уларда пул бор. Яна бир нарса шундаки, «Челси» ҳозир Айван кўчиб ўтиши учун энг жозибали жой эмас. Албатта, бу топ-клуб, аммо чемпионликка интилаётган «Арсенал»нинг рейтинги ҳозир анча юқори. Тоуни узоқ вақтдан бери янги марраларга қадам қўйишга тайёрлигини билдирган. Асосийси, тўғри дақиқани кутиш ва тўғри танлов қилишдир.