Ҳужумчи Санти Минанинг вакиллари Россия Премьер-лигасининг бир нечта топ-клубларига футболчи хизматларини таклиф қилишган, бироқ жамоалар унинг ҳатти-ҳаракати туфайли рад этишган, деб хабар бермоқда Metaratings нашри.
Ҳозирда эркин агент мақомида бўлган испаниялик футболчи Россияга кўчиб ўтишга тайёр эди, аммо ватанидаги жиноий иш туфайли клублар футболчига қизиқиш билдирмади. 2022 йилнинг май ойида футболчи Альмерия суди томонидан жинсий зўравонлик содир этгани учун тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Мина юқори судга апелляция шикояти бергани учун ҳозирда гаров пули билан озод этилган. Ёзги трансферлар ойнаси вақтида ОАВ ҳужумчининг "Сампдория"га ўтишга яқин қолгани ҳақида хабар берганди, бироқ итальян клуби мухлисларининг норозилиги келишув амалга ошишига тўсқинлик қилди.
Испанияда Мина "Валенсия" ва "Сельта"да ўйнаган. Миллий чемпионатда у 268 ўйин ўтказиб, 63 гол урган ва 25 голга ассистентлик қилган.