Ҳуқуқлари "Милан"га тегишли бўлган ҳужумчи Эмиль Робак билан алоқа узилди, дея хабар бермоқда Corriere della Sera нашри.
Футболчи ижара асосида ўйнаган "Норрчепинг" машғулотларига икки ҳафтадан бери чиқмаяпти. Швеция клуби вакиллари 20 ёшли Робак билан боғлана олмади. Унинг оиласида ҳам футболчи ҳақида маълумот йўқ.
"Мен унинг қандай аҳволдалигини билмоқчиман. У билан боғлана олмаслигимиз мени безовта қилмоқда, яна нима қилишимиз мумкинлигини билмайман. Мен унинг қайтишидан умидимни узганим йўқ, лекин биз уни 14 кундан бери кўрмаяпмиз" - деди "Норрчепинг" клуби спорт директори Тони Мартинссон.
Робак 2020 йилда "Милан" ёшлар жамоасида ўйнади ва 2023 йил март ойида ватанига қайтди. Форвард жорий мавсум Швеция чемпионатида 26 дақиқа ўйнади.