Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

«Ланс» мухлисларини ўзига ошиқ қилган нотаниш ўзбекистонлик

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий жамоаси йиғинига жалб этил-ган умидли ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов 8 октябрь куни «Ланс» сафида 2-ўйинини ўтказди. Эътиборлиси, Франция ОАВда «Ланс» - «Лилль» учрашуви (1:1)дан олдин ва кейин ҳамюртимизга бағишланган қатор мақолалар чиқди. Хўш, Францияда Ҳусанов ҳақида нималар ёзишмоқда? Шунга қизиққан championat.asia сайти ижодкорлари бир неча мақола таржимасини ҳавола қилишди.

Илк ўйиндаёқ хотиржам ва ишонч билан...

Абдуқодир Ҳусановга аталган энг катта мақола Франциянинг асосий спорт наш­ри - L~Equipe томонидан ёзилди. «Ҳусанов - нотаниш ўзбекистонлик» - бу Абдуқодир ҳақидаги материал сарлавҳаси. Муаллиф Жоэль Доменигетти мақола бошидаёқ Ҳусанов «Ланс»да юзага келган таркиб муаммолари, жумладан, клуб Жонатан Гради ва Массадио Айдаранинг хизматларидан фойдаланолмаслиги туфайли майдонга тушганини қайд этган. Бу мақола «Лилл»га қарши ўйиндан олдин чиққан ва франциялик журналист унда Ҳусанов марказий ҳимоянинг ўнг қисми позициясидан жой олишини тахмин қилганди. «Лилль» билан ўйин Ҳусанов учун иккинчиси бўлади. У бунга қадар «Мец»га қарши уй учрашувида қатнашган ва «Ланс» мухлисларини ўзига ошиқ қилиб қўйганди. Ўшанда ўзбекистонлик 19 ёшли иқтидор марказий ҳимоянинг чап қисмида ҳаракатланган ва ўзига қаттиқ  ишонган ҳолда, хотиржам, далил ўйнаганди», - дейилади матнда. Доменигетти шунингдек, Ҳусанов Ўзбекистон миллий жамоаси сафида атиги 3та ўйин ўтказгани, унинг потенциали эса яққол кўринаётганини ҳам алоҳида қайд этган. Муаллиф яна тил тўсиғи масаласини кўтарган: «Ёш йигит фақат рус ва ўзбек тилларини билади. Муҳими, Ҳусанов Беларусь чемпионатидан Францияга кўчиб ўтганидан сўнг шахсий ўқитувчи билан тезлаштирилган форматда француз тилининг айрим асосий элементларини ўзлаштиришга улгурди».

Мақолада ёзилишича, «Ланс» бош мураббийи Франк Эз ёш ҳамюртимиз аллақачон бир қатор асосий сўзлар, хусусан, марказий ҳимоячи учун зарур ибораларни билиб олган. Масалан, vas-y - қани, vient - орқа, «ёниш», avance - олдинга, seul - ўзинг, якка... «Селекция бўлими бу йигит ўйинларини кўрсатган пайти унинг ёшидан ҳайратда қолгандим, - дея Эз сўзлари келтирилган мақолада. - У ўйин услуби бўйича яна бир ҳимоя­чимиз - аргентиналик Факундо Мединани эслатди. Ҳусанов билан шартнома тузилгач, унинг амалда қанчалик етук ижрочи эканлигини кўрдим. Абдуқодир 2004 йили туғилган футболчи учун ажойиб ўйин кўрсатмоқда ва ўсишда давом этмоқда. Йигитчанинг инглиз тилида гапиролмаслиги мослашув жараёнини бироз қийинлаштирмоқда. Муҳими, бизда Ҳусановга жамоа­даги илк кундан барча масалалар бўйича ёрдам бераётган таржимон бор». Мақолада Абдуқодир Ўзбекистон миллий жамоаси сафида 13та ўйин ўтказган собиқ футболчи Ҳикмат Ҳошимовнинг ўғли эканлиги ҳам қайд этилган. Бундан ташқари, муаллиф Ҳусанов Вьетнам ва Хитой термаларига қарши ўртоқлик ўйин­лари учун чақирилганини маълум қилган. Муаллифнинг сўзларига кўра, Абдуқодир айни пайт Авиньонда жойлашган «Ланс» базасида яшамоқда.

Уни Аргентинадаги ёшлар мундиалида пайқашган

Жоэль Доменигетти ўз материалида «Ланс» вакиллари Ҳусановни Аргентинада ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида пайқашганини ёзиш баробарида клубнинг техник директори Грегори Тиль сўзларини келтирган: «Селекция хизмати билан узоқ йиллар давомида мудофаамизни кучайтирадиган ёш футболчи изладик. Ҳусанов барча номзодлар фонида жисмоний томондан кучлилиги ва хотиржамлиги билан ажралиб турди. Ундан яхши энергия чиқмоқда ва эътибори ҳамиша ўрганиш ва ўсишга қаратилган». Матн давомида Ҳусанов бундан олдин «Энергетик-БГУ»да ўйнагани ва катталар даражасида атиги бир мавсум тўп сургани, Беларусь чемпионатида майдонга тушиш учун 18 ёшга тўлишни кутгани қайд этилган. «Ҳусанов - ўз ёши учун жуда етук ижрочи, - дейди «Ланс» дарвозабони Брис Самба. - Бошида мулоқот масаласида муаммолар сезилди, муҳими, у тез ўрганмоқда. Бундан ташқари, «футбол тили» ҳамма жойда бир хил. Абдуқодир француз тилини тезроқ ўрганиш учун қаттиқ тиришмоқда. Жуда ақлли футболчи ва йигит. Шубҳам йўқ, яқин орада французчада бемалол гапира бошлайди. Ўйлашимча, Ҳусановни ёрқин келажак кутмоқда, зеро, у жисмонан кучли ва тўп билан яхши ишлайди. Булар эса замонавий футболда марказий ҳимоя­чи учун энг зарур жиҳатлардир».

Ҳусановга ишонч катта

La Voix du Nord нашрида берилган мақолада эса «Ланс» вакилларининг ҳамюртимиз ҳақидаги гаплари келтирилган. «Ҳусановга мутлақо ишонамиз, - дейди ҳужумчи Флориан Сотока. - У қатъият билан ўйнайдиган ва ҳеч нарсадан чўчимайдиганлар тоифасидан. Ҳали жуда ёш бўлишига қарамай, майдонда катталардек ҳаракатланмоқда». «Абдуқодирнинг менталитети яхши, жуда эътиборли йигит, яна маълумотларни тўғри қабул қилади. Унинг жамоамизга ёрдам беришига ишончим комил» - буниси Жонатан Гради таърифи. Кевин Дансо ҳам деярли шундай фикрда: «Ҳусанов - мен кўрган энг яхши ёш футболчилардан бири. У футболни жуда зўр тушунади ва ҳозирнинг ўзида энг юқори даражада ўйнаш салоҳиятига эга». 

«Лилль» билан ўйиндан кейин эса La Voix des Sports нашрида чиққан мақолада футболчиларга қўйилган баҳо ҳам келтирилди. Ҳусановнинг ҳаракати 6,0 баллга лойиқ топилган - ўртача баҳо. Алоҳида айтиш керак, «Ланс»да ҳеч ким бундан юқори баҳо олмади. Фақат жамоанинг яна 4 нафар футболчисига 6 балл берилди. Булар - ҳимоячи Кевин Дансо, ярим ҳимоячи Салис Абдулсамад, ҳужумчилар Флориан Сотока ва Весли Саид. «Биринчи бўлимда Ҳусанов ижросида нуқсон кузатилмади, - дейилади шарҳда. - У хусусан, «Лилль» ҳужумчиси Жонатан Дэвидга муносиб қаршилик кўрсатди. Бундан ташқари, майдонда бир неча марта ёрқин ҳаракатлари билан кўзга ташланди». 

Умид қиламизки, бу бошланиши, холос. Француз матбуотида Абдуқодир Ҳусанов ҳақида ҳали кўп марта ижобий мақолалар берилса, ажабмас.

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:56, 23.10.2023.
Ўқилди: 2525 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.